Тошкент вилоятидаги 3 та ҳибсхона тугатилди
Жамият
−
27 Август 11989 1 дақиқа
Тошкент вилоятининг Чиноз, Қибрай ва Юқори Чирчиқ туманларидаги вақтинча сақлаш ҳибсхоналари фаолияти тугатилди. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) маълум қилди.
Билдирилишича, омбудсманнинг Тошкент вилоятидаги минтақавий вакили ҳамда жамоатчилик гуруҳлари томонидан 2025 йилнинг июнь ойида Қуйи Чирчиқ ва Чиноз туманлари ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхоналарига мониторинг ташрифлари ўтказилиб, аниқланган камчиликлар юзасида Ички ишлар вазирлигига Омбудсман тақдимномаси киритилган.
Омбудсманга маълум қилинишича, мониторингда аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, Қуйи Чирчиқ тумани ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонасига вентиляция тизими ва радиоэшиттириш қурилмаси ўрнатилган. Камералар керакли анжомлар билан жиҳозланган. Сайр қилиш ҳовлиси ва санитария тармоқлари (ҳожатхона, ювиниш жойи)да таъмирлаш ишлари олиб борилиб, гигиена талабларига мувофиқлаштирилган.
Шу билан бирга, шахсларни сақлашнинг санитария-гигиена қоидалари талабларига зид бўлган Чиноз, Қибрай ва Юқори Чирчиқ туманларидаги вақтинча сақлаш ҳибсхоналари фаолияти Ички ишлар вазирининг 2025 йил 21 июлдаги тегишли буйруғи билан тугатилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Андижон вилоятининг Избоскан туманида маҳбуслари мажбурий меҳнатга жалб қилинган Вақтинча сақлаш ҳибсхонаси раҳбари лавозимидан озод этилганди.
Live
Барчаси