Тошкент вилоятида ҳам аҳолига ажратилган 794 тонна кўмир сотиб юборилди

3-саҳифа

image

Тошкент вилоятининг Пискент туманида аҳоли учун ажратилган кўмирни талон-тарож қилиш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди. 

Маълум қилинишича, прокуратура департаментининг Пискент туман бўлими томонидан ҳудудда куз-қиш мавсумида аҳоли эҳтиёжи учун имтиёзли нархларда сотилиши керак бўлган кўмир савдоси тўғри йўлга қўйилган ёки йўқлигини ўрганиш бўйича терговга қадар текширув ўтказилган. 

Унда “Кўмир таъминот” МЧЖнинг Тошкент вилояти филиали раҳбари С.И., омбори мудири Ф.Х. ва бошқалар 2023-2024 йилги куз-қиш мавсумида аҳолига имтиёзли нархда сотиш учун ажратилган 794,2 тонна кўмирни қалбаки юк хатларини расмийлаштириш орқали талон-торож қилгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилоятининг Андижон туманида 362,3 миллион сўмлик, Булоқбоши туманида 178,3 миллион сўмлик, Жалақудуқ туманида 421,7 миллион сўмлик, Избоскан туманида 1007,9 тонна, Пахтаобод туманида эса 873,2 тонна кўмир талон-торож қилингани ҳақида хабар берилган эди

Шунингдек, Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида 623,7 тонна, Фарғона вилоятининг Бувайда туманида 413,8 миллион сўмлик 1 тонна 364,3 килограмм, Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида эса 464,6 тонна кўмир ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинганди


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент вилояти кўмир талон-тарож Пискент тумани кўмир омбори

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг