Андижонлик мансабдорлар халқнинг кўмирини “туя қилди”
3-саҳифа
−
13 Ноябрь 2023
5211Андижон вилоятининг икки туманида аҳолига имтиёзли нархда етказиб бериш учун ажратилган кўмирни талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, прокуратура департаментнинг Андижон вилояти Избоскан туман бўлими томонидан “Кўмир таъминот” масъулияти чекланган жамиятининг Избоскан кўмир омборида терговга қадар текширув ишлари олиб борилган.
Унда Избоскан кўмир омбори масъул шахслари аҳолига имтиёзли нархда етказиб бериш учун ажратилган 1007,9 тонна кўмирни 303 сўмдан сотилганлиги тўғрисида сохта ҳужжатлар расмийлаштириб, амалда ушбу кўмирни бошқа шахсларга сотиб юборгани, пул маблағларини эса ноқонуний равишда ўзлаштиргани аниқланган.
Шунингдек, департаментнинг Пахтаобод туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда туман кўмир омбори масъул шахслари аҳолига имтиёзли нархда етказиб бериш учун ажратилган 873,2 тонна кўмирни 303 сўмдан сотилганлиги тўғрисида сохта ҳужжатлар расмийлаштириб, амалда ушбу кўмирни бошқа шахсларга сотиб юбориб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.
Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида содир этилган ҳолатда эса Бахт кўмир омбори масъул шахслари ва бошқалар ҳудуддаги 7 та маҳаллада сохта маълумотлар тайёрлаш орқали аҳолига имтиёзли нархда сотилиши керак бўлган 464,6 тонна кўмир бошқа шахсларга нақд пулга сотиб, маблағлари ўзлаштириб юборилган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилоятининг Андижон туманида 362,3 миллион сўмлик, Булоқбоши туманида 178,3 миллион сўмлик, Жалақудуқ туманида эса 421,7 миллион сўмлик кўмир талон-торож қилингани ҳақида хабар берилган эди.
Шунингдек, Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида 623,7 тонна, Фарғона вилоятининг Бувайда туманида эса 413,8 миллион сўмлик 1 тонна 364,3 килограмм кўмир ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинганди.