Тошкент ва Андижонда дорифурушлар ушланди
3-саҳифа
−
21 Июль 3376 2 дақиқа
Андижон вилоятининг Андижон шаҳри ва Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган шахслар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, ўтказилган тезкор тадбирда кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган А.Ю. 197 дона инсон руҳиятига кучли таъсир қилувчи дори воситаларини Андижон шаҳрига сотиш мақсадида олиб келаётгани аниқланиб, ундан ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.
Яна бир ҳолатда, Чилонзор туманида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро А.А. фуқаро Ш.С.га 50 дона инсон руҳиятига кучли таъсир қилувчи “Зардекс” номли дори воситасини 3,7 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Маълумот учун, “Зардекс” орқали кўнгил айниши, қусиш, ич кетиши, ошқозон оғриғи ёки қоринда ноқулайлик пайдо бўлиши мумкин. Баъзи одамлар бу дорига аллергик бўлиши мумкин – тери тошмалари, қичишиш, юз ёки лаблар шишиши, нафас олишда қийинчилик кузатилади.
Антибиотик ичак флорасини бузиб, фойдали бактерияларни йўқ қилади. Баъзи ҳолларда жигар ёки буйрак фаолиятига зарар етиши, қон таркибидаги ўзгаришлар, бош оғриғи, бош айланиши, уйқу бузилиши ёки асабийлик ҳолатлари ҳам бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳар Янгиҳаёт туманида ижарадаги уйида 16 249 дона “Зардекс” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сақлаётган шахс қўлга тушганди. Фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Live
Барчаси