Тошкент шаҳар “ГАИ”га янги бошлиқ тайинланди
Local
−
13:04 2532 2 minutes
Подполковник Илҳом Идиров Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгашининг кеча, 25 сентябрь куни қабул қилган пойтахтда “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастурининг 2026 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси ҳамда автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлашга доир тегишли қарорида келтирилган.
Билдирилишича, Ички ишлар вазирлиги тизимида навбатдаги кадрлар тайинлови амалга оширилган. Подполковник Илҳом Тохирович Идиров Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ЙҲХХБ) бошлиғи лавозимига тайинланган. Халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгашининг тегишли қарорида Идиров Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ бошлиғи сифатида қайд этилган.
Янги лавозимни эгаллашидан аввал Идиров ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг Маъмурий амалиёт бўлими бошлиғи бўлган ҳамда Қашқадарё ва Сирдарё вилоятлари Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаларига раҳбарлик қилган.
Маълумот учун, Илҳом Идировгача ушбу лавозимда Муҳаммад Одилов ишлаб келаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Рафиқжон Қўлдошевич Жалилов ўз хоҳишига кўра ишдан кетганди. Шундан сўнг, 2024 йилнинг май ойида полковник Муҳаммад Одилов шаҳар ИИББ ЙХҲБ бошлиғи вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди. Одилов қарийб икки йилдан ортиқ мазкур лавозимда фаолият юритган.