Тошкент шаҳар бюджетига келадиган маблағ ортади
Жамият
−
06 Январь 2020
6721Бозор ва савдо комплекслари фаолияти янада такомиллаштирилади ва улардаги давлат иштироки қисқартирилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарор лойиҳасида келтириб ўтилган.
Унга кўра, бозор ва савдо комплекслари устав капиталида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мажбурий иштироки бекор қилинади;
• ердан фойдаланиш ҳуқуқи ҳисобига бозор ва савдо комплекслари устав капиталида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг улушини шакллантириш амалиёти бекор қилинади;
• бозор ва савдо комплекслари устав капиталидаги давлат улушлари, акциядорлик жамиятларида битта акция – битта лот, масъулияти чекланган жамиятларда 0,1 фоиз – битта лот асосида очиқ савдоларга чиқарилади;
• бозор ва савдо комплекслари 2020 йил 1 июлидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида назарда тутилган умумбелгиланган солиқларни тўловчи сифатида эътироф этилади.
Шунингдек ҳужжатда истисно тариқасида:
• бозор ва савдо комплекслари устав капиталидаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари акциялари (улушлари) сотишдан тушган маблағнинг 73 фоизи тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига йўналтирилади, қолган қисми қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тақсимланади;
• салоҳиятли инвесторлар, шу жумладан хорижий инвесторларнинг таклифлари асосида Давлат тендер комиссиясига инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар билан бозор ва савдо комплекслари устав капиталидаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари акциялари (улушлари)ни тўғридан-тўғри сотиш ҳуқуқи берилади.