Тошкент ИИББ абитуриентларга мурожаат билан чиқди
Жамият
−
01 Сентябрь 2020
14652Аввал хабар берганимиздек, эртага, 2 сентябрдан олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари бошланади. Шу сабабдан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси абитуриентларга мурожаат билан чиқди.
Бошқарма тест топширувчилардан белгиланган жойга имтиҳон бошланишидан 1-1,5 соат олдин келишни сўраган.
“Кириш имтиҳонлари куни рўйхатдан ўтиш жараёнларини санитария меъёрларига риоя қилган ҳолда ўтказиш учун имтиҳон бошланишидан 1-1,5 соат олдин келишингизни сўраймиз. Эслатиб ўтамиз, биринчи сменадагиларнинг имтиҳони соат 7:30 да бошланади, демак абитуриентлар соат 6:00 дан рўйхатдан ўтишни бошлашлари мумкин”, дейилади ИИББ хабарида.
Таъкидланишича, Давлат тест маркази томонидан абитуриентларга бериладиган бир марталик тиббий ниқоблар ва қўлқоплардан фойдаланиш мажбурий. Шунингдек, ижтимоий масофа сақлаш қоидасини ҳам унутмаслик керак, оралиқ масофа уч метрдан кам бўлмаслиги зарур.
“Амалдаги санитария-эпидемиология талабларига риоя қилиш бизга коронавирус инфекциясини назорат остида сақлаш, ўзимизнинг ва яқинларимизнинг соғлиғини асраш имкониятини беради. Имтиҳонлардан муваффақият билан ўтишингизни тилаймиз!”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, имтиҳонларни икки ҳафта давомида ўтказиш режалаштирилган.