Тошкент ИЭСда мазут ишлатилди
Жамият
−
02 Февраль
8871Тошкент иссиқлик электр станциясида мазутдан фойдаланилаётганлиги аниқланди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофоза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Жорий йилнинг 23-31 январь кунлари Экология вазирлиги томонидан Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Салар шаҳарчасида жойлашган “Тошкент ИЭС” (иссиқлик электр станцияси) фаолияти текширилган.
Текширув давомида корхонада газ асосий ёқилғи ҳисоблангани, шунингдек, қўшимча ёқилғи сифатида мазутдан фойдаланилаётганлиги аниқланган. Шу сабабли Тошкент шаҳри ҳавосини тутун қоплаган.
Текширув натижаларига кўра иссиқлик электр станциясига атроф-муҳитни ифлослантиргани учун 1 млрд 23 млн сўм (атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун 759 млн. нефть маҳсулотлари билан ерни ифлослантирганлик учун 264 млн) миқдорида компенсация белгиланган.
Бундан ташқари, ИЭСга аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан 16 банддан иборат мажбурий кўрсатмалар берилди.
Айни дамда тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқбузарликка йўл қўйган ИЭС мансабдор шахсларига тегишли чора кўриш мақсадида суд органларига юборилмоқда.
LiveБарчаси