Қора денгизга тўкилган мазут Қрим қирғоқларигача етиб борди

Олам

image

2024 йилнинг 15 декабрь куни Россиянинг нефть танкерларидан бири оғир бўрон вақтида Керчь бўғозида иккига бўлиниб кетиб, унинг ичидаги нефть сувга тўкилиб кетганди. Нефть танкерлари ҳалокатга учраганидан кейин денгизга тўкилган мазут Қрим соҳилларигача етиб борди. Бу ҳақда кеча, 2 январь куни Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Қримда нефть маҳсулотлари билан ифлосланган иккита ҳудуд аниқланган. Улар Керчь шаҳри пляжи ҳудудида ва Тобечик кўли яқинида жойлашган. Шундан сўнг воқеа жойига 150 га яқин киши ва 48 та техника етиб борган. Соҳилнинг 4 километрга яқин қисми тозаланган, 2 тоннадан ортиқ ифлосланган қум ва тупроқ олиб чиқилган, 168 та қуш қутқарилган.

Краснодар ўлкаси оператив штабининг маълум қилишича, сўнгги кунларда Анапа ва Темрюк ҳудуди пляжларидан деярли 73 минг тонна нефть маҳсулоти билан ифлосланган қум олиб чиқилган. Уни қайта ишлаш учун олиб бориш ҳозирча максимал мумкин бўлган қайта ишлаш ҳажми ортиб кетгани сабабли вақтинча тўхтатилган.

Маълумот учун, Россия Президенти Владимир Путин Керчь бўғозида танкерлар ҳалокати оқибатида мазут тўкилиши сабабли федерал даражадаги фавқулодда ҳолат эълон қилганди. Қрим раҳбари Сергей Аксеновга кўра, табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун федерал бюджетдан маблағ ажратилади.

Краснодар ўлкаси губернатори Вениамин Кондратев эса минтақавий даражада фавқулодда ҳолат эълон қилган эди. Бунгача, 17 декабрдан Анапа ва Темрюк районида муниципал даражада фавқулодда ҳолат жорий қилинган. 21 декабрь куни нефть маҳсулотлари Қрим қирғоқларига етиб боргач, Керчда фавқулодда ҳолат жорий этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қрим мазут

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг