Тошкент ҳокими Юнусободдаги дўконлардан бирида “рейд” ўтказди (видео)
Жамият
−
08 Июль
19939Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов Юнусобод тумани “Собиробод” маҳалласида бўлди ва у ердаги озиқ-овқат дўконларидан биридаги маҳсулотларнинг сифатини текширди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Матбуот хизматининг ёзишича, ташриф давомида ечимни талаб қиладиган бир нечта жиддий камчиликларга эътибор қаратилган. Бунда инфратузилмани ривожлантиришга ва аҳолининг хавфсиз ҳаракатланишига тўсқинлик қилаётган ноқонуний қурилмалар аниқланган.
“Уларнинг мавжудлиги зудлик билан аралашувни ва қонунчиликка мувофиқлаштиришни талаб қилади”, дейилади ҳокимлик хабарида.
Шунингдек, маҳалладаги савдо объектлари санитария-эпидемиология ва ёнғин меъёрларига жавоб бермаслиги, айниган сабзавот ва мевалар сотилаётгани аниқланган.
“Бундан ташқари, маҳалла кўчалари чиқинди билан ифлосланиб, санитарияга зид шароитларни юзага келтирмоқда. Бунда ахлатни белгиланмаган жойларга ташлаган аҳолининг ўзи ҳам масъул экани таъкидланди. Бундан ташқари, чиқиндиларни йиғиш жойлари етишмайди, бу эса муаммони янада чуқурлаштиради. Қурилиш чиқиндилари ўз вақтида олиб кетилмаётгани ҳудуднинг ташқи кўринишини ёмонлаштириб, ҳаракатланишга тўсқинлик қилмоқда. Маҳаллада дарахтларнинг қуруқ шохлари кесилмаган, бу эса, айниқса, шамолли об-ҳавода шохларнинг одамларнинг устига тушиши ва жароҳат олиш хавфини келтириб чиқаради.
Ариқлар чиқиндига тўла бўлиб, дренаж тизимларини ифлослантиради ва ёғингарчилик мавсумида сув тўпланишига олиб келади. Бу сув тошқини ва санитария шароитининг ёмонлашишига олиб келиши мумкин”, дейилади хабарда.
Шунингдек, ташриф давомида 259-сонли мактабдаги капитал реконструкция жараёни ҳам ўрганилган.
Бироқ ижтимоий тармоқларда ҳокимнинг дўконда қилган ҳаракатлари муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Фойдаланувчилар ва фаоллар ҳоким сотувчига қилган муомаласи, маҳсулотини олиб қўполлик билан улоқтирганини танқид остига олмоқда.
LiveБарчаси