Ўзбекистонда 3 мингдан ортиқ ноқонуний газ баллон ва 13,6 тонна газ аниқланди (видео)

Crime

−

image

Ўзбекистонда жорий йилнинг 19-21 октябрь кунлари ўтказилган рейдлар давомида ноқонуний муомалада бўлган 3 мингдан зиёд газ баллонлари ва уларда сақланаётган 13 минг 636 кг суюлтирилган газ маҳсулоти ашёвий далил сифатида олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, салбий ҳолатларга чек қўйиш ҳамда давлат томонидан кўрсатилаётган ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг манзиллилиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда “Ўзенергоинспекция” ходимлари томонидан жойларда рейд тадбирлари ўтказилмоқда.

Жорий йилнинг 19-21 октябрь кунлари республика бўйича 120 дан ортиқ ҳолат фош этилиб, шундан 39 та ҳолатда газ идоралари ходимларининг бевосита алоқадорлиги аниқланди. Тадбирлар давомида ноқонуний муомалада бўлган 3 мингдан зиёд газ баллонлари ва уларда сақланаётган 13 минг 636 кг суюлтирилган газ маҳсулоти ашёвий далил сифатида олинди.

Хусусан, Жиззах вилоятида жами 9 та ҳолатда 239 та газ баллон сотиш мақсадида ноқонуний сақлаб келинаётганлиги фош бўлган. Жумладан, муқаддам Зомин тумангаз таъминот бўлимида юқори лавозимлардан бирида ишлаган шахс ўзининг қариндошига тегишли хонадонда 152 та газ баллонни яширинча сақлаб келган. Қўшни Сирдарё вилоятида ҳам шу каби ҳолатлар аниқланиб, биргина Ховос тумангаз бўлими мансабдорларидан бирининг уйидан ҳеч бир ҳужжатларсиз сақланаётган 30 дона газ баллони олинган.

Самарқанд вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда Ургут тумангаз тўлдириш шохобчаси қоровули газ билан тўлдирилган 3 дона баллонни 2,5 млн сўмга сотаётган вақтида қўлга олинган. Вилоятнинг Пастдарғом туманида яшовчи, 1972 йилда туғилган. фуқаронинг хонадони кўздан кечирилганда газ билан тўлдирилган 22 та баллон борлиги маълум бўлган. Аниқланишича, у газ баллонларни тумангаз бўлими ҳайдовчисидан 70 минг сўмдан сотиб олиб, фуқароларга 100 минг сўмдан сотиш билан шуғулланган.

Фарғона вилоятида ҳам ҳамкорликдаги рейд тадбирлари ўтказилиб, Қўштепа тумангаз бўлими муҳандиси ҳамда чилангари аҳоли учун мўлжалланган 8 та газ баллонларини ўз яшаш хонадонларида ноқонуний сотиш мақсадида сақлаб келаётганликлари фош этилган.

Мамлакатнинг жанубий минтақаси ҳисобланган Сурхондарё вилоятида ўтказилган рейд тадбирларида ноқонуний сақловда бўлган жами 65 та газ баллон тегишли тартибда ҳужжатлаштирилган. Жумладан, Бандихон туманида яшовчи 39 ёшли фуқаро тумангаз бўлими ҳайдовчисидан 70 минг сўмдан сотиб олган 32 та газ баллонни истеъмолчиларга қиммат нархларда сотиб, мўмай даромад топмоқчи бўлган.

Навоий вилоятининг Хатирчи тумангаз бўлими ҳайдовчисининг уйидан ҳам жами 26 та газ баллони процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Бу каби ноқонуний ҳолатлар Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Наманган ва бошқа вилоятларида ҳам аниқланган.

Билдирилишича, ушбу йўналишдаги рейд тадбирлари Давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа мутассадди идоралар ҳамкорлигида мунтазам равишда ўтказиб борилади ҳамда қонунбузарларга нисбатан тегишли чоралар кўрилади.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends