Аҳолига тегишли 1,1 тонна газни сотишга уринганлар қўлга тушди
Crime
−
12:27 909 2 minutes
Ўзбекистондаги турли ҳудудларда 7 та ҳолатда суюлтирилган газ солинган 249 та газ баллон тижорий нархда сотиш мақсадида ноқонуний сақланаётгани аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ДХХ, БП, ИИВ, ФВВ, “Ўзэнергоинспекция” ҳамда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ходимлари иштирокида назорат тадбирлари ўтказилган. Хусусан, жорий йилнинг 9 ноябрь куни ўтказилган тадбирларда 7 та ҳолатда ушбу маҳсулот солинган 249 та газ баллонидаги 1 160 килограмм газ тижорий нархда сотиш мақсадида ноқонуний сақланаётгани аниқланган. Ушбу ҳолатлар орасида газ таъминоти тизимининг айрим ходимлари билан боғлиқ қонунбузилишлар ҳам бор.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида “Амударё тумангаз” бўлими суюлтирилган газ хизмати чилангари 104 та газ баллонини тегишли ҳужжатларсиз, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид равишда сақлаб келгани аниқланган. Сурхондарё вилоятида “Шерободтумангаз” таъминоти бўлими ҳайдовчиси ўз яшаш хонадонида 25 та газ баллонини сақлагани қайд этилган. Тошкент вилоятида “Қуйичирчиқ тумангаз” бўлими газ тўлдириш шохобчасининг газ баллон тўлдирувчиси томонидан 3 та газ баллони сақлангани аниқланган.

Бундан ташқари, Наманган шаҳрида яшовчи, 1986 йилда туғилган шахс кейинчалик аҳолига сотиш мақсадида ўз уйида 20 та газ баллонини сақлаган. Қашқадарё вилояти Касби туманида яшовчи, 1974 ва 1996 йилларда туғилган икки нафар фуқаронинг хонадонларида жами 92 та газ баллони ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид равишда сақлангани қайд этилган. Хоразм вилояти Хонқа туманида яшовчи, 1995 йилда туғилган шахс маҳалла ҳудудидаги умумий овқатланиш шохобчасида газ идораларига тегишли, аҳоли учун ажратилган 5 та газ баллонидан ноқонуний фойдалангани ҳужжатлаштирилган.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 20 октябридан буён республика бўйича 370 та ҳолатда жами 9 455 та газ баллони ноқонуний сақланаётгани аниқланган. Улардаги суюлтирилган газ миқдори 102 минг 158 килограммни ташкил этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ энди Ўзбекистонда аҳолига газ ва кўмир етказиб берилишини Ички ишлар вазирлиги назорат қилиши ҳақида хабар берилган эди.
Live
All