Ўзбекистон бўйлаб 420 та газ баллонни талон-торож қилганлар ушланди (видео)

Crime

−

image

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида аҳолига мўлжалланган 420 та газ баллон талон-торож қилингани маълум бўлди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, табиий газ тармоқларига уланмаган аҳоли учун ажратилган суюлтирилган газни талон-торож қилинишига йўл қўймаслик мақсадида ДХХ, ИИВ, БП, ФВВ, “Ўзэнергоинспекция” ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ҳамкорлигида республика бўйлаб рейд тадбирлари ўтказилмоқда.

Жумладан, Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида бир гуруҳ шахслар газ тарқатиш шохобчаси мансабдорлари билан тил бириктирган ҳолда, ўзларига тегишли нотурар бинода 6 тонна ҳажмли цистерна ўрнатиб, аҳолига тарқатиш учун мўлжалланган суюлтирилган газ тўлдирилган баллонларни компрессор орқали ушбу цистернага бўшатиб, сўнгра уни ўзларига қарашли автомобилларга газ тўлдириш шохобчасида ноқонуний сотиш билан шуғулланган.

Текширув давомида ушбу манзилда қиймати 32,2 млн сўмлик 3,1 тонна суюлтирилган газ аниқланиб, ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштирилган. Таъкидлаш лозим, 3,1 тонна суюлтирилган газ ўртача 150 та хонадоннинг 45 кунлик эҳтиёжини қоплайди. Бундан ташқари, мазкур шахслар томонидан электр энергиясига ноқонуний уланиш орқали давлат манфаатларига 1 млрд сўмлик зарар етказилганлиги фош бўлган. Ҳозирда аниқланган ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бошқа ҳолатда эса Қўшработ туманида яшовчи, 1993 йилда туғилган фуқаронинг уйида 130 кг суюлтирилган газ билан тўлдирилган 35 та газ баллони ноқонуний сақланаётгани маълум бўлган.

Рейд тадбирлари Қорақалпоғистон Республикасида ҳам фаол тарзда амалга оширилаётган бўлиб, биргина Амударё тумангаз бўлими ишчиси ва 1969 йилда туғилган фуқаронинг яшаш хонадонларида жами 23 та газ баллони борлиги аниқланган.

Хоразм вилояти Боғот тумангаз бўлимининг 3 нафар чилангари эса ўз танишларининг яшаш хонадонларида жами 300 кг суюлтирилган газ билан тўлдирилган 25 та газ баллонни қиммат нархларда сотиш учун сақлаб келган.

Андижон вилоятида ўтказилган тадбирлар давомида 980 кг суюлтирилган газ тўлдирилган 243 та газ баллони қиммат нархда сотиш мақсадида ноқонуний сақланаётгани маълум бўлган. Жумладан, Улуғнор тумангаз бўлими чилангарининг уйидан аҳоли учун мўлжалланган 17 та газ баллони, Шаҳрихон тумангаз бўлими чилангарининг хонадонидан эса 13 та газ баллони олинган.

Жиззах вилоятида кузатилган ҳолатда Янгиобод тумангаз таъминоти бўлими ҳайдовчиси ўзига таниш бўлган 2 нафар фуқаронинг яшаш хонадонларида жами 720 кг суюлтирилган газ тўлдирилган 57 та газ баллонни ноқонуний сақлаётганлиги ҳужжатлаштирилган.

Навоий вилояти Нурота тумангаз чилангари ва ҳайдовчиси эса ўзаро тил бириктириб, “Ҳудудгаз Навоий” ГТФ балансида бўлган ва суюлтирилган газ билан тўлдирилган 2 дона газ баллонни харидорга 280 минг сўмга сотаётган вақтларида ушланган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда жорий йилнинг 19-21 октябрь кунлари ўтказилган рейдлар давомида ноқонуний муомалада бўлган 3 мингдан зиёд газ баллонлари ва уларда сақланаётган 13 минг 636 кг суюлтирилган газ маҳсулоти ашёвий далил сифатида олинганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends