Тошкент ҳавоси ифлосланиши яна рекорд даражани қайд этди
Жамият
−
03 Декабрь 2021
18660Пойтахт Тошкентда ҳаво ифлосланиши, чанг кўтарилиши билан боғлиқ ҳолат қиш бўлишига қарамай, сурункали равишда давом этмоқда. Бугун, 3 декабрь куни пойтахтда бир неча бор чанг кўтарилиши кузатилди.
АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида жойлашган ҳаво тозалигини назорат қилиш станцияси ҳавонинг ифлосланиш даражаси кун давомида бир неча марта кўтарилганини тасдиқламоқда.
Қайд этилишича, пойтахт Тошкентда ҳавонинг ифлосланиш даражаси 3 декабрь куни соат 18:00 ҳолатига кўра, рекорд – 190 даражани ташкил этган.
Аслида, АҚШ элчихонаси ҳаво станцияси жорий йилнинг 5-6 декабрь кунлари пойтахт ҳавоси 150-160 даражада ифлосланишини тахмин қилган эди. Бугунги прогнозга кўра, ҳавонинг ифлосланиши 50-60 даража бўлиши кутилганди. Бироқ, 3 декабрга ўтар кечаси соат 2:00 дан бошлаб Тошкентда ҳаво сифати кескин тушиши кузатилган. Соат 4:00 ва 6:00 да ҳаво ифлосланиши 150 даражани ташкил этган. Соат 7:00 дан 11:00 гача ҳаво сифатининг тикланиши сезилган. 12:00 дан бошлаб яна ҳаводаги ифлослик даражаси ортиб борган.
Бундан бир неча кун аввал Гидрометереология хизмати маркази жорий йилнинг 1-2 декабрь кунлари Ўзбекистон ҳудудига Туркманистон орқали Эрон ҳудудларидан жуда илиқ ва қуруқ ҳаво кириб келиши, ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши фонида республика бўйича шамол 17-22 м/с гача кучайиши, баъзи жойларда 25-28 м/с гача етиши, айрим вилоят ва туманларда чангли бўрон ҳамда чанг ғуборлари кўтарилиши кузатилиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 ноябрь куни Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида, жумладан, Тошкент шаҳри, Сирдарё ва Бухоро вилоятларида кучли шамол эсиб, қумли бўронлар ҳосил бўлди. Кўриш даражаси 500-1000 метргача пасайди. Бунинг оқибатида тупроқнинг жуда қуруқ устки қатлами кўтарилиб, атмосфера ҳавосидаги чанг миқдори белгиланган меъёрдан 30 баробар ошди.
Шамол авж олган маҳалда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасига ўрнатилган ҳавонинг ифлосланишини аниқлаш мосламаси пойтахт ҳавосини “ўта носоғлом”, деб баҳолади.
“Ўзгидромет” кузатувларига кўра, сўнгги 150 йил ичида Ўзбекистонда бундай чангли ғубор ҳодисаси кузатилмаган. Синоптиклар 12 ноябргача мамлакатда ёғингарчилик кутилмаётганини, шу сабабли ҳаводаги чанг яна бир муддат сақланиб қолиши мумкинлигини маълум қилди.
LiveБарчаси