Торонтодаги фестивалда отишма бўлди. Қурбонлар бор

Олам

image

Канаданинг Торонто шаҳрида ўтказилаётган кўча фестивалида содир бўлган отишма оқибатида камида икки киши ҳалок бўлди, яна бир неча киши жароҳатланди. Полиция ҳодиса юзасидан тергов бошлаган, бироқ ҳозирча гумондорлар қўлга олинмаган. Бу ҳақда ABC News хабар берди.

Қайд этилишича, воқеа жорий йилнинг 11 июль куни соат 20:12 атрофида Торонто шаҳридаги Сент-Клер авенюси ғарбий қисми ва Арлингтон авенюси яқинида содир бўлган. Ҳудудда ўқотар қуролдан жароҳатланган олти киши аниқланган. Улардан икки нафари воқеа жойининг ўзида вафот этган. Қолган жабрланганлар шифохонага етказилган.

Ҳодиса пайтида ушбу ҳудудда “Salsa on St. Clair” кўча фестивали ўтказилаётган бўлган. Отишма ортидан полиция воқеа жойини ўраб, хавфсизлик чораларини кучайтирган. Расмийлар аҳолидан ҳудудга яқинлашмасликни сўраган.

Ҳозирча отишмани ким содир этгани ва бунга нима сабаб бўлгани маълум эмас. Торонто полицияси гумондор ёки гумондорларни аниқлаш бўйича иш олиб бормоқда.

Онтарио провинцияси бош вазири Даг Форд ҳодиса юзасидан муносабат билдириб, фестивалдаги зўравонликдан чуқур қайғуда эканини айтган ва айбдорлар жавобгарликка тортилиши кераклигини таъкидлаган.

“Айбдор шахс қўлга олиниши, жавобгарликка тортилиши ва умрининг қолган қисмини панжара ортида ўтказиши керак”, дея қўшимча қилган у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиянинг Мўғла вилояти Бодрум туманидаги ресторанда содир бўлган қуролли ҳужум оқибатида 28 ёшли Муҳаммер Билик ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.
 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг