Тонг қачон отиб, кун қачон ботганини билмадик – Коронавирусга қарши курашган шифокор (эксклюзив суҳбат)
Интервью
−
30 Март 2020
25122Сизни билмадик, аммо таҳририятимиз аъзолари 29 мартни бошқача кайфият билан бошлади. 14 кун давомида мамлакатимиз коронавирус тарқалган, беморлар сони ортиб бораётгани, ҳатто, ўзим қайд этилгани билан боғлиқ ваҳимали хабарларни етказишдан биз ҳам чарчагандик рости. Бугун эса 7 нафар беморнинг соғайиб, оиласи бағрига қайтаётгани ҳақидаги хушхабарни ким биринчи узатаркин деб шошиб қолдик. Хабарни аввал халққа етказайликми ё оила аъзоларимизгами... Умуман бошқача ҳислар яшалди бугун.
Дунёда урушлар турлича. Ҳамма уруш ҳам қурол билан бўлавермайди. Журналистлар ахборот уруши майдонида сохта ахборотларга қарши курашса, шифокорлар бемори каби касаллик билан олишади. Ҳамма гап эса бу жанг майдонига кира олишда. QALAMPIR.UZ коронавирус билан олишган Ўзбекистоннинг мард шифокорларини олқишлаган ҳолда, 41 йиллик иш тажрибасига эга бўлган шифокор, вирусолог Каримберди Ризқиев билан суҳбатлашишга муяссар бўлди.
— Каримберди ака, аввало сизни табриклаймиз. 14 кунлик ваҳимали хабарлар ортидан хушхабар олишимизга сабабчилардан бирисиз. Шунча вақт давомида касаллик билан курашдингиз. Бу касаллик ҳақида нима дейсиз?
— Ўзим 1979 йилдан бери тиббиётда инфекция соҳасида ишлайман. Иш тажрибамизда кўп инфекцияларни кўрдик. Бу касаллика келсак, бошқа давлатларда бўлаётганини эшитиб, анча тайёргарликлар кўрилди. Бошида анча қийин бўлди, кейинчалик ишларни анча йўлга қўйиб олдик.
— Бу янги дард. Буни фақат хориж ОАВларидан билдик, эшитдик. Касаллик Ўзбекистонда аниқлангандан буён орадан 14 кун ўтди. Ушбу 14 кун ҳақида айтиб бера оласизми?
—14 кун бир ёки икки кундек ўтди. Одам қанча иш билан банд бўлса, вақт тез ўтганини билмай қолади. Тун-у кун ҳаракатда бўлдик. Тонг қачон отиб, кун қачон ботганини билмадик, саналарни унутаёздик. Бу муҳокама касаллик бўлгани сабабли, қандай даволаймиз, нима қиламиз деб қўлланмалар бўйича иш олиб бордик. 25 декабрда Хитойда тарқалганидан бери бизга келишини ўйлаб, олдиндан манбаларни кўриб, танишиб турдик. Лекин бутун дунёни эгаллаб олишини ҳеч ўйламаган эдик.
— 41 йиллик тажрибангиз бор. Экологик инқироз сабаб вужудга келадиган айрим вируслар борки, улар бошқа мамлакатларга ўтгач, йўқ бўлиб кетаверади. Аммо бу қандай касаллик бўлдики, дунёнинг ҳеч бир жойида барҳам топмаяпти?
— Ҳаво томчи орқали тарқалишининг ҳисобига жуда тез тарқалди. Бошида Хитой ҳам бунчалик бўлишини кутмаганди ва кечроқ эълон қилди. Бизда аввалдан вазирлик топшириғи билан пухта тайёргарлик кўрилгани ўз самарасини кўрсатди. Тажрибали жамоанинг қамраб олингани катта натижа берди. Халқимиз бошида бу касаллик тарқалишини кўриб саросимага тушиб қолди. Лекин мана охирги 7 бемор даволангани ҳақида эшитиб анча кўнгил тинчиди, шекилли хурсанд бўлиб кўпчилик қўнғироқ қилмоқда.
— Бизнинг тиббиётимиз қанчалик бу касаликка қарши барқарор туриб бера олди?
— Бизга керакли барча тиббий жиҳозлар, махсус кийимлар, респираторлар етарли бўлиб, вақтида таъминланмоқда. Шу туфайли ходимларга анча осон бўлди.
— Ходимлар малакаси-чи? Малака етарли эдими жамоада?
— Малакали ходимлар етарли эди. Барчаси олий тоифали шифокорлар, шунингдек етарли малакага эга ҳамширалар бор эди. Ҳамма ўзининг навбатчилигида вазифам, бурчим деб турди. “Мен бормайман, турмайман, қўрқаман”, демади. Шунчаки, кийимларни кийиш ва ечиш тартибига риоя қилинса, тозаликка амал қилса, ўзининг соғлиғини сақлаб қолади.
Касаллар бошида келган вақтида карахт ҳолатда эди. Кўпчилигини бошқариб бўлмади, лекин секин-секин яхши гапириб, тушунтирдик. Тузалишига, фойда топишига ишонтирдик. Кейин улар ўзларига ҳам айтганларимизни қилгани фойда берди.
—Европа давлатларида кўрдикки, шифокорлар иш ташлади. Сизларнинг ичингизда ҳам “нега мен, нега мен киришим керак?” деганлар ҳам бўлдими?
— Йўқ. Бизда бундай гапларни айтганлар бўлмади. Ҳамма шифокорлар “лаббай” деб чақириққа жавоб беришди. Раҳбариятнинг, бошқа шифокорларимизнинг хулқлари сабабли ҳамма биздек шифокорларнинг орқасидан юрди. Чунки уларнинг ичида ўзимиз ҳам юрдик, ишладик. Ҳамма бир-бирига яхши муносабатда бўлиб, далда бериб юрдик. Касалларга ҳам доим кайфиятига қараб турдик. Чунки бу ҳолат одам иммунитетига таъсирини ўтказади. Ходимларимиз ўзининг хизмат вақтларида вазифаларини бажаришди.
— Кимдир оддий касаллик, яна кимдир хавфли касаллик демоқда. Буни оддий грипп билан бир хил деётганлар ҳам бор.
— Грипп касаллигини аниқлаш осонроқ. Бошида 2-3 томоғи оғриб, кўзлари қизариб юради. Бу касалликда иситма кўтарилиб, тушиб яна тўсатдан кўтарилган ҳоллар бўлди. Лекин гриппда нафас етишмовчилиги бўлмайди. Шунингдек, ичак фаолияти бузилмайди. Коронавирусга учраган беморларда ичак билан боғлиқ муаммолар ҳам бўлди. Кўпроқ қуруқ йўтал учради. Бундай ҳолга биринчи марта тушгани учун беморларда саросима кузатилди. Грипп мавсумига энди ҳамма тайёргарлик кўради. Лекин грипп ҳеч қачон пандемия даражасига кўтарилмаган.
— 7 нафар бемор соғайди. Улар бунга қандай омиллар сабаб эришди?
— Бу касалликка учраб тузалганлар ичида енгил ёки оғир даражага тушганлари ҳам бўлди. Баъзи беморлар жонлантириш бўлимига ётқизилиб, қўшимча ёрдам олди. Кимдир булар енгил даражада касаллангандир, деб ўйлаши мумкин. Улар ичида ҳар хил даражада касалланганлари бор эди.
— Улар қандай енгиб ўтишди касалликни?
— Энди керакли, яъни касалликни оғирлаштиришини олдини олиш бўйича муолажаларни олишди. Масалан, жигар, юрак, ичак ва энг асосийси нафас фаолиятини бошқарувчи дорилар туфайли иммунитет ушлаб турилди. Ҳар қандай касалликдан соғайиш аввало иммунитетга боғлиқ. Лекин масалан нафас билан боғлиқ ҳолатларни керакли муолажа билан қилмаса, қийин бўлади.
— 2 та ўлим ҳолати қайд этилди. Уларнинг ҳолатига қандай сабаблар таъсир қилди?
— Улар касаллик бўйича керакли билимга эга бўлган. Лекин вақтида мурожаат қилишмаган. Ўзини даволамоқчи бўлиб, озгина вақт йўқотган. Ҳолати ёмонлашганда, сунъий нафас берадиган вақтда бошқа шифохонага кўчирилди. Бироқ шунда ҳам 16 соатдан ошиқ ҳаёти учун курашилди, ҳаракат қилинди.
—7 киши тузалгани бир хурсандчилик бўлса, бир тарафдан одамларда саволлар ҳам келтириб чиқармоқда: улар яна касаллик тарқатувчи бўлмайдими, уларда касаллик яна қайталамайдими?
— Йўқ, уларда барча таҳлиллар такрор-такрор олинди. Барча текширишлар касаллика манфий чиққанидан сўнг, улар чиқарилди. Касаллар ичида аҳволи яхши бўлиб турганлар ҳам бор, лекин уларнинг таҳлиллари ташқарига чиқариш учун етарли эмас. Улар айтганимиздек ниқоб тақиш режимига, қўл тозалигига амал қилишса, оммавий жойларга боришмаса, тарқатувчи бўлишмайди. Бир ҳафта яна назоратда бўлишади.
— Касалларнинг ҳам ўз категориялари бўлади. Масалан, гепатит А, Б каби коронавируснинг ҳам ўз категориялари борми?
— Менимча, бу касалликда категориялар бўлмайди. Айтишим мумкинки, бу касалликни чатишиш ҳолатларини ўрганишга тўғри келади. Мутация ҳолати дейишади, яъни касаллик қайси организмга кирса, янги мутация ҳолатини келтириб чиқаради. Шу сабабли, бир касалланганлар бошқалардан мутацияга учраганларини қайтадан юқтирган ҳолатлар бўлди. Шу сабабли, вакцинанинг ҳам умумий кўринишини ишлаб чиқиш лозим. Бу вируснинг бошқаларидан фарқи, бошқалари бундай тожли кўринишга эга бўлмайди.
— Куни кеча бир АҚШда яшаётган таниқли жарроҳ Метмет Ўз “яқин кунларда бутун дунё коронавирусни юқтириб олади ва кимлардир буни касалликни оёқда юриб ўтказиб бўлган”, деган гапни айтиб чиқди. Шу гаплар тўғрими?
— Ҳамма вирусни юқтирди дегани, касалланди дегани эмас. Белгисини барибир босиб ўтади, лекин қисқа давом этади. Асосийси, ташувчанлик ҳолати узоқ давом этмаса бўлди. Шу ташувчанлик ҳолатида юрганлар мавжуд бўлгани сабабли, бекорга ниқоб тақиш каби чоралар қилинмади-да. Сиз юқтиришингиз ва у сезилмаслиги мумкин. Лекин белгилар сифатида йўтал бўлиши мумкин ва сўлакдан кейин юқиши мумкин. Касаллар ичида мени шунчаки томоғим оғрияпти деганлар ҳам бўлди.
— Февраль ойларида АҚШ давлат котиби Майкл Помпео Ўзбекистон ва Қозоғистон каби давлатлар коронавирусга бардош бера олмаслигини айтди. Бу масалада нима дейсиз?
— Бу шунчаки руҳиятга таъсир ўтказиш бўлса керак. Лекин буни тиббиётга алоқаси йўқ деб ҳисоблайман.
— Кўп гаплар юрибдики, ҳаво ҳарорати касаллик тарқалишига таъсир ўтказаркан. Бу ҳолатга фикрингиз қандай?
— Бошқа касалликларни ҳам шундай деб ҳисоблашади. Бошида бу касаллик 17 даражада йўқоларкан, кейин 25 даража, охири 30 даражада йўқолишини айтишмоқда. Лекин бу қанчалик даражада тўғри эканини ҳозирча тўғридан-тўғри исботлаш қийин. Ҳаводаги ҳарорат кўтарилгани билан вирус ерда сақланиши мумкин. Бу касаллик вируслари оғирлиги сабабли ҳавода учиб юрмасдан ерга қўнади. Зарарсизлантирувчи воситалар орқали йўқолишига кўпроқ ишонамиз.
— Хабарингиз бўлса, ҳозир яна 11 кишига кўпайди касалланганлар. Кўпчилик келаётганларнинг руҳий ҳолати қандай?
— Келганлар кўпроқ ваҳима ҳолатида. Алоқада бўлганлар орқали чақиртирилиб, аниқланган. Буёғи энди ўзбекчилик-да. Кўшниларим энди қанақа қарайди, одамлар нима дейди деганларга тушунтирдик. Уларнинг ҳолатига, қўшимча шикоятларига қараб ҳар хил бўлимларга жойланди. Шу сабабли, натижаларимиз ижобий бўлмоқда.
— “Жанг майдони”дан чиққанда қандай ҳолат бўлди?
— Энди кираётганда масъулият билан, чиқаётганда бошқача кўтаринки кайфиятда чиқдик. Нега деганда, халқимизга, Ватанимизга қўлдан келганча фойдамиз текканини сездик. Ишлаётганда ҳам шундай кайфиятда ишладик. Иш жойимиздан давлат, Президент томонидан берилган совғалар билан чиқдик. Бу албатта анча руҳимизни кўтарди. Бу кейинги мавсумда ишлаётган ходимларга ҳам катта куч бағишлайди, деган умиддамиз.
— Хулоса сифатида, халқимизга айни вақтда нима деб айта оласиз?
— Кўп бора тилга олинди. Президентимиз ҳам айтмоқдаки, халқ уйда ўтирсин, кўчада ниқоблар билан юрсин деб. Кўпчилик бунга жиддий эътибор бермади. Шу сабабли жиддий чоралар кўрилмоқда. Ўзини, оиласини, қўни-қўшниларни ўйлаган ҳолатда айтилган чораларга амал қиладиган бўлса, албатта, бу касалликни тарқалишига қарши халқимизнинг ролини кўрган бўлар эдик. Бу тартиб-интизомларни тўғри тушуниб, ҳаммани бизга кўмакдош бўлишга чақираман.
— Каримберди ака, сизга суҳбат учун катта раҳмат. Халқимиз сизлар учун доим дуода, биз ҳам дуодамиз...
— Сизларга ҳам катта раҳмат!
LiveБарчаси