Том қисми кўчиб тушган автобус ортидан амалдорлар лавозимидан “учди”
Жамият
−
02 Май 2023
21660Тошкентда янги олиб келинган автобусларнинг том қисми узилиб тушиши ортидан бир неча мансабдор ишдан бўшатилди. Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ Ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, автобусни эҳтиётсизлик билан бошқарган автобус ҳайдовчиси Т.Н., Автобус саройи масъул ходимларига қатъий чора кўрилиб, айримларига нисбатан хайфсан интизомий чораси кўрилган, бошқалари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Амалдорларнинг ишдан олинишига ўз хизмат вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашгани, автобуслар ҳаракатини хавфсиз ташкил этиш чораларини кўриш бўйича ҳайдовчилар ўртасида етарли даражада йўриқнома ўтказиб тушунтириш ишларини олиб бормагани, автобуслардаги реклама баннерларини жойлаштирилиши ва бартараф этилишига совуққонлик билан ёндашгани ҳамда йўналишларга чиқариладиган автобус ва электробусларнинг иш тартибини тўғри ташкил этмагани сабаб қилиб кўрсатилган.
Жумладан, "1-Автобус саройи" филиали директори ўринбосари , "2-Автобус саройи" филиали директори ўринбосари ва ҳаракат хавфсизлигини назорат қилиш бўлими бошлиғи билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинган, филиал директорларига хайфсан интизомий чораси қўлланилган.
Бундан ташқари, "7-Автобус саройи" филиали директори ўринбосарига хайфсан интизомий чораси кўрилган. Реклама жойлаштириш бўйича масъул ходим ҳам ишдан бўшатилган. "1-, 2-, 5-, 7-, 8-, 12-, ва 18-Автобус саройи" филиаллари бош муҳандисларига эса хайфсан берилган.
Нурмуҳаммад Файзуллаев