“Толибон” Ўзбекистонга элчи тайинлагани айтилмоқда
Жамият
−
05 Февраль
8015Муғфуруллоҳ Шаҳоб Афғонистоннинг Тошкентдаги элчихонасига элчи этиб тайинланди. Бу ҳақда “Толибон”нинг расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид ўзининг Twitter саҳифасида маълум қилди.
Қайд этилишича, янги элчининг миссияси жорий йилнинг 2 февраль куни бошланган. Муғфуруллоҳ Шаҳоб де-факто вазифаларни ўз зиммасига олди, де-юре дипломат Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ишонч ёрлиқларини қабул қилганидан кейин элчихонага раҳбарлик қилади.
Муғфуруллоҳ Шаҳоб бу лавозимда Президент Ашраф Ғани даврида элчиликка тайинланган Аҳмад Холид Илмий ўрнини эгаллади.
Муғфуруллоҳ Шаҳоб “Толибон” муваққат ҳукуматининг Тоғ-кон вазирининг ўғли ҳисобланади.
Маълумот учун, январь ойи охирида Афғонистоннинг Хитойдаги янги элчисининг миссияси расман бошланди. Хитой раҳбари Си Цзиньпин “Толибон” томонидан тайинланган дипломатнинг ишонч ёрлиғини қабул қилди.
Шундай қилиб, Хитой дунёда “Толибон” ҳукумати билан элчи даражасида алоқалар ўрнатган биринчи давлат бўлди.
Шу кунгача “Толибон” вакиллари Эрон, Туркманистон ва Покистон, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Туркия, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар ва Малайзия каби давлатларга ўз элчиларини юборган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматининг мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Муҳаммад Ёқуб билан учрашганди.