“Толибон” тўртта йўналишда солиқ имтиёзларини жорий қилди
Олам
−
11:23 3657 2 дақиқа
Афғонистонда ҳокимиятни ушлаб турган “Толибон” ҳаракати юридик ва жисмоний шахслар, кўчмас мулк олди-сотдиси ҳамда нефть-газ импортига оид янги солиқ имтиёзларини жорий этди. Бу ҳақда “Tolonews” хабар берди.
Қайд этилишича, янги солиқ имтиёзлари тақдим этилган тадбирда “Толибон” ҳукумати Бош вазири ўринбосари Абдул Салам Ҳанафи янги тартибларнинг тафсилотларини маълум қилган. Унга кўра, кончилик компанияларидан ташқари барча юридик шахслар, жумладан, компаниялар ва хусусий шифохоналар учун даромад солиғи 20 фоиздан 10 фоизга пасайтирилди.
Шунингдек, жисмоний шахслар учун даромад солиғидан озод этиладиган йиллик даромад чегараси 60 минг афғонидан 120 минг афғонигача оширилди. Эндиликда йилига 120 минг афғонигача даромад топадиган фуқаролар даромад солиғини тўламайди.
Бундан ташқари, нефть ва газ импортига қўлланиладиган солиқ ставкаси ҳар метрик тонна учун 100 афғонидан 50 афғонигача камайтирилди. Кўчмас мулкни ўтказиш бўйича солиқ эса 1 фоиздан 0,5 фоизга туширилди.
Молия вазири Муҳаммад Носир Ахунднинг айтишича, “Толибон” 2021 йилда ҳокимиятга қайтганидан буён мамлакатда жами 13 та солиқ имтиёзи жорий этилган.
“Бугун тўлайдиган солиқларингиз Ислом Амирлигининг мудофаа, хавфсизлик, разведка ва оддий давлат харажатларини молиялаштиради”, деган Ахунд.
Тадбирда сўз олган Саноат ва савдо вазири Нуриддин Азизий эса тадбиркорлар ва инвесторларни солиқларни шаффоф тарзда тўлашга ҳамда солиқ мажбуриятларини бажаришга чақирган. “Толибон” расмийлари янги солиқ имтиёзларини Афғонистонда инвестицияларни жалб этиш, иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш ва бизнес юритиш шароитларини яхшилашга қаратилган кенг кўламли иқтисодий сиёсатнинг бир қисми сифатида баҳоламоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Толибон” етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охунзода гуруҳ аъзолари ва ҳукумат ходимлари учун смартфонлардан фойдаланишни тақиқлаш бўйича янги оғзаки буйруқ бергани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси