“Толибон” айримларга смартфондан фойдаланишни тақиқлади

Олам

image

“Толибон” етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охунзода гуруҳ аъзолари ва ҳукумат ходимлари учун смартфонлардан фойдаланишни тақиқлаш бўйича янги оғзаки буйруқ берди. Бу ҳақда “Afghanistan International” хабар берди.

Ҳужжатда ушбу тақиқни бузганлар жиноятчи сифатида кўрилиши ва улар ҳарбий судга тортилиши мумкинлиги огоҳлантирилган.

Мазкур буйруқ “Толибон” томонидан мамлакатнинг саккиз ҳудудида фаолият юритувчи ҳарбий суд раҳбарларига тарқатилган. Шунингдек, ушбу ҳудудлардаги бошқа гуруҳ аъзолари ҳам хабардор қилинган.

Ҳужжатга кўра, ҳарбий суд вакилларига буйруқни тўлиқ бажарилишини таъминлаш ва “Толибон” раҳбариятига унинг ижроси ҳақида кафолат бериш топширилган. Бундан ташқари, махсус назорат рўйхати тузилган бўлиб, унда ҳар бир назорат остидаги шахснинг исми, лавозими, иш жойи, мобил тармоғи ва телефон рақами қайд этилади.

Шунингдек, расмийларга ўз қўл остидаги ходимлар ва хизматчилар орасида ушбу буйруқ бажарилганини тасдиқлаш топширилган.

Аввалроқ, “Толибон” талабалар ва мадраса ўқувчиларига мактабга телефон олиб келмасликни буюрган.

Шунингдек, “Толибон” смартфонларни “мусулмонларнинг уч асосий душманидан бири” деб таърифлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистоннинг Ҳирот вилоятида “фазилатни тарғиб қилиш ва ёмонликнинг олдини олиш” бўйича “Толибон” гуруҳи аёллар кийиниш қоидаларига риоя қилиниши шартлиги ҳақида огоҳлантириш берганди. Ушбу кўрсатмага кўра, оиладаги эркаклар аёлларнинг жамоат жойларида ҳижоб қоидаларига қатъий амал қилишини таъминлаши керак. Аёллар юзини тўлиқ ёпмасдан, ибодат рўмолисиз, тор кийимда ёки пардоз билан кўчага чиқса, “Толибон”нинг ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олиниши ва аёллар учун мўлжалланган махсус қамоқхоналарга юборилиши мумкинлиги айтилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг