“Толибон” Россиянинг терроризмга қарши курашдаги иттифоқчиси – Путин
Олам
−
04 Июль
5834Россия Президенти Владимир Путин “Толибон”ни Россиянинг терроризмга қарши курашдаги иттифоқчиси, деб таърифлади. Бу ҳақда у Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 24-саммитидан сўнг журналистларга берган баёнотида сўз очди.
“Тасаввур қилиб кўринг, “Толибон” Афғонистонда мамлакатдаги ҳокимиятни назорат қилади. Шу маънода у, албатта, терроризмга қарши курашда бизнинг иттифоқчимиздир. Чунки ҳар қандай ҳокимият ўзлари бошқараётган давлатнинг барқарорлигидан манфаатдор. Шу ўринда биз ҳам”, деган Путин.
Маълумот учун, бундан 3-4 кун олдин Россия Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов “Толибон” террорчи эмас, балки пуштун диний урф-одатларининг тарғиботчилари эканини айтганди. Шунингдек, махсус вакил “Толибон” жорий қилган айрим чекловлар асло терроризм ва диний экстремизм тақиқлари сифатида қабул қилинмаслиги кераклигини, ҳаракат асосини пуштун раҳбарлари ташкил этиши ва улар ўз синфининг диний урф-одатларини жорий этиш учун интилаётганини қўшимча қилганди.
Кабулов хорижий ҳукуматларнинг “Толибон” ички ишларига аралашувини ҳам қоралаган. Ҳаракат юқори салоҳиятга эгалиги ва мамлакатни идора қила олишини таъкидлаган. Шу ўринда айтиш керакки, ҳаракат Олий суд қарори билан 2003 йилнинг март ойидан бери Россияда террорчи деб тан олинган. Кремль эса уни бу рўйхатдан чиқариш режалаштирилаётганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров мамлакат нега “Толибон”ни террорчилар рўйхатидан чиқараётганини тушунтирганди.
LiveБарчаси