“Толибон” расмийси хотин-қизлар таълимига қўйилган тақиқни бекор қилишга чақирди

Олам

image

Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Шермуҳаммад Аббос Станикзай мамлакат олий раҳбариятини хотин-қизлар учун таълим тақиқини бекор қилишга чақирди. Бу ҳақда “Tolonews” хабар берди.

“Толибон” ҳукумати юқори лавозимли амалдори томонидан эълон қилинган бу баёнот жорий йилнинг 19 январь куни Ҳост вилоятидаги маҳаллий мадраса битирувчиларига диплом топшириш маросимида янгради. Станикзай ушбу тақиқ мамлакатнинг олий раҳбари томонидан киритилган бўлса-да, унинг шариат қоидаларига мувофиқ эмаслигини таъкидлаган.

“Бугун биз 40 миллионлик мамлакат аҳолисининг 20 миллион кишисига нисбатан адолатсизлик қиляпмиз. Биз уларни барча ҳуқуқлардан маҳрум қилдик. Уларнинг мерос ҳуқуқи йўқ, улар ўз эрларининг ҳуқуқларини белгилашда иштирок этмайди, мажбурий никоҳларда қурбон қилинади, ўқишга рухсат берилмайди, масжидларга боролмайди. Университетлар, мактаблар ва мадрасалар эшиклари ҳам улар учун ёпиқ”, деди у.

Станикзайнинг таъкидлашича, қизлар учун таълим эшикларини ёпиш учун ҳеч қандай асос йўқ. У, шунингдек, мамлакат етакчиларини таълим тақиқини бекор қилишга чақирган.

“Биз раҳбарлардан таълим эшикларини очишини сўраймиз. Ҳозир бўлаётган воқеаларни оқлайдиган қабул қиларли асос йўқ ва ҳеч қачон бўлмайди”, дейди у.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил август ойида Афғонистонда “Толибон” ҳокимиятни қўлга киритганидан бери бу мамлакатда аёлларга таълим олиш, эркак ҳамроҳлигисиз саёҳат қилиш ва жамоат жойларида, айниқса эркаклар билан гаплашиш, ҳатто савдолашиш ҳам тақиқланган. Шунингдек, уларга паркларга ташриф буюриш, сузиш ёки спорт билан шуғулланиш ман этилади.  Гўзаллик салонлари ҳам тақиқланган. Аёллар паранжиларсиз кўчада юра олмайди. Аммо шу билан бирга, аёлларга нисбатан зўравонлик тўғрисидаги қонун бекор қилинган.  Бунгача аёллар кўпинча оммавий равишда калтакланарди ва ғайриисломий хатти-ҳаракатлар учун қамоққа ташланарди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон “Толибон” хотин-қизлар таълими

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг