“Толибон” илк бор раҳбарлик лавозимига аёл кишини тайинлади
Олам
−
02 Февраль 2022
9839“Толибон” ҳаракати Афғонистонда ҳокимият қўлга киритилганидан кейин биринчи марта мамлакатда раҳбарлик лавозимларига аёллар тайинлангани ҳақида эълон қилди. Тегишли баёнот ҳаракат томонидан тузилган Афғонистон муваққат ҳукуматида Ахборот ва маданият вазири ўринбосари Забиҳулла Мужоҳиднинг саҳифасида эълон қилинди.
“Муваққат Вазирлар Маҳкамаси раҳбарининг буйруғига кўра, доктор Малалай Раҳим бутун мамлакатдаги ягона акушерлик ва гинекология муассасаси бўлган “Малалай” ихтисослаштирилган туғруқхонасига директор этиб тайинланди. Олий таълим вазирлиги таклифи ва муваққат ҳукуматдаги Бош вазирнинг маъқуллаши билан доктор Ариан “Шаҳрор” (гинекология) клиникаси директори этиб тайинланди”, дейилган баёнотда.
Таъкидланишича, ушбу тайинловлар олдидан толибларнинг қатор давлатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан кўплаб учрашувлари бўлиб ўтган, уларда, хусусан аёл вакилларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги иштироки масаласи кўтарилган.
БМТ маълумотларига кўра, сўнгги 20 йил ичида Афғонистонда ўлик туғилиш ҳолати 2000 йилдаги ҳар 100 минг туғилган чақалоққа 1450 та ўлимдан 2019 йилда ҳар 100 минг туғилган чақалоққа 638 ўлимгача камайган. Шунга қарамай, бу кўрсаткич дунёдаги энг юқорилардан биридир.
Афғонистондаги аёлларнинг ҳолати
Ўтган йилнинг сентябрь ойи бошида бутун Афғонистон ҳудуди устидан назорат ўрнатган “Толибон” аёллар ва қизларга турли чекловлар қўя бошлади ва буни мамлакатда “тегишли исломий муҳит” яратиш зарурати билан изоҳлади. Масалан, толиблар қарийб 20 йил давомида мавжуд бўлган Хотин-қизлар масалалари бўйича вазирликни тугатди.
Бундан ташқари, “Толибон” мамлакатнинг аксарият вилоятларида қизларнинг мактабларга киришини чеклаб қўйган, телебошловчи аёлларни ҳижоб ўрашга мажбурлаган ва маҳаллий телеканалларга нозик жинс вакиллари иштирокидаги фильмларни намойиш қилмасликни тавсия қилган.
“Толибон” томонидан тузилган, ҳали ҳеч бир давлат томонидан тан олинмаган муваққат ҳукуматдан ҳам аёллар ўрин олмаган. Бу халқаро ҳамжамиятнинг жиддий танқидига сабаб бўлди. “Толибон” етакчилари билан бўлиб ўтган учрашувларда қатор давлатлар вакиллари Вазирлар Маҳкамасига аёлларни киритиш зарурлигини қайта-қайта таъкидлаган.
LiveБарчаси