“Толибон”га қарши курашда ёлғиз қолган Афғонистондан Тошкентга меҳмонлар келди

Жамият

photo_2021-06-30_16-51-30
0:00
0:00
download

Бугун, 30 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов Афғонистон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Мирвайс Наб билан учрашув ўтказди.

Афғонистон томони Ўзбекистон раҳбариятининг афғон инқирозини тинч йўл билан ҳал этиш, мамлакатда энергетика, транспорт ва коммуникация соҳаларида турли инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистонда “Толибон” ҳаракатининг фаоллашиши ва туманларни эгаллаб олиши натижасида ҳукумат қўшинларининг Ўзбекистон ҳамда Тожикистонга қочиб ўтиш ҳолатлари кузатилмоқда. Хусусан, 23 июнь куни 53 нафар, 26 июнь куни 3 нафар, 27 июнь куни 44 нафар афғон Ўзбекистон ҳудудига қочиб ўтган.

Фаоллашган "Толибон"

Қайд этиш керакки, АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлагандан бери “Толибон” кескин ҳаракат қилмоқда. Тасдиқланган маълумотларга кўра, сўнгги ўн кун ичида Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош тўрт вилоятида ҳукумат кучлари ва “Толибон” ўртасида тўқнашувлар бўлган.

Натижада Таҳор вилоятининг Чаҳеб, Янги Калъа, Даркад, Дашти Қалъа, Хожағор туманлари, Қундуз вилоятининг Дашти Арчи, Имом Соҳиб ва Қалъаи Зол туманлари, шунингдек Шерхон-Бандар ва Кокул назорат пунктлари “Толибон” назорати остига ўтди. БМТ маълумотига кўра, 22 июнь ҳолатига Афғонистоннинг 50 дан ортиқ туманини эгаллаган. 

Сўнгги кунларда толиблар билан жангларда оғир зарбага учраган афғон қўшинларининг қўшни республикалар ҳудудига қочиб ўтиш ҳолатлари кузатилди. Жумладан, жорий йилнинг 22 июнь куни 130 дан ортиқ афғон ҳарбийлари чегарадош Тожикистонга, 23 июнь куни эса уларнинг 53 нафари Ўзбекистонга қочиб ўтган. 

Чегардош давлатларнинг реакцияси

Воқеаларнинг бундай ривож олиши Афғонистонга чегарадош бўлган давлатларни сергак тортишга мажбур қиляпти. Жумладан Афғонистон билан деярли 1000 километр чегара ҳудудига эга бўлган Эрон ҳам мамлакат хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўрмоқда. ОАВнинг ёзишича, расмий Теҳрон, аллақчон, чегара ҳудудларига Т-72С, БМП-2 танклари ва бошқа зирҳли ҳарбий техника юборган. Шунингдек, Ўзбекистон ҳам ҳарбий округларида қўшинларни жанговар шайликка келтириш бўйича режага асосан амалий машғулотлар бошлаган. Бундан ташқари, республика 22 июнь куни Афғонистон билан чегарани вақтинча ёпган.

АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш ишларини бошлаб юборди. Шу вақтгача Америка ўз ҳарбий контингентининг учдан бир қисмини бу мамлакатдан олиб чиқиб кетди.  

Маълумот ўрнида, 2020 йил февраль ойи охирида АҚШ ва “Толибон” тинчлик шартномасини имзолади. Келишувга кўра, Америка қўшинлари шартнома тузилганидан 14 ой ўтгач, аниқроғи 2021 йилнинг майигача Афғонистонни тарк этиши керак эди. Бироқ бу жараённинг “старт” олиши бироз кечикди.

Жорий йилнинг 14 апрель куни Президент Жо Байден АҚШнинг Афғонистондаги миссияси якунланганини ва 1 майдан бошлаб ушбу мамлакатдан қўшинларини олиб чиқишни бошлашини эълон қилди. Унга кўра, қўшинларни олиб чиқиб кетиш 11 сентябргача якунланиши керак.


Мақола муаллифи

Теглар

Толибон Ўзбекистон-Афғонистон

Баҳолаганлар

450

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг