Афғон аскарлари яна Ўзбекистон чегарасини бузди. ТИВ қатъий позиция билдирди
Жамият
−
28 Июнь 2021
30170Ўзбекистон яна бир бор Афғонистонда кескинлик кучайиб бораётганидан хавотирда эканлигини билдиради. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот котиби хабар берди.
Баёнотда қайд этилишича, Ўзбекистон курашаётган томонларни тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлишининг олдини олишга ва куч ишлатишдан тийилишга чақирмоқда.
“Жорий йилнинг 27 июнь куни 44 кишидан иборат Афғонистон чегара қўшинлари ва маҳаллий қуролли гуруҳ вакиллари Шўртепа тумани ҳудудида Ўзбекистоннинг давлат чегарасини бузган. Бир кун аввал, яъни 26 июнь куни чегаранинг ушбу қисмида қўшни мамлакат куч ишлатар тизимлари 3 нафар вакилининг Ўзбекистон ҳудудига кириб келиш ҳолати қайд этилган. Барча Афғонистон фуқаролари ўз ватанига қайтарилган. Ўзбекистон ҳудудига бу каби ноқонуний ўтишга уринишлар қатъий равишда бартараф этилади”, дейилади ТИВ баёнотида.
Хабарга кўра, Ўзбекистон Ҳукумати Афғонистон билан анъанавий дўстона ва яхши қўшничилик муносабатларини давом эттириш, нейтралитетни сақлаш ҳамда қўшни мамлакат ички ишларига аралашмаслик тарафдори эканлигини қатъий маълум қилади.
Аввалроқ Ўзбекистон Президентининг Матбуот котиби Шерзод Асадов Афғонистон фуқаролари — ҳарбийлар ҳамда тинч аҳоли сўнгги кунларда бир неча бор Ўзбекистон ҳудудига киришга уринганини маълум қилганди.
Эслатиб ўтамиз, афғонистонликларнинг биринчи марта Ўзбекистонга қочиб ўтиши жорий йилнинг 23 июнь куни юз берди. Ўшанда 53 нафар афғон чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ва маҳаллий қуролли гуруҳлар Афғонистоннинг Шўртепа тумани ҳудудидан Ўзбекистонга ўтган. Зарурий суриштирув ва тергов тадбирлари ўтказилганидан сўнг, ушбу афғон фуқаролари ватанига қайтарилган.
LiveБарчаси