“Толибон” айтганини қилди. Афғон амалдорларидан бири ўлдирилди

Олам

image

Афғонистон ҳукуматининг ахборот маркази раҳбари Давахон Минапал бугун, 6 август куни Қобулда номаълум шахслар томонидан ўлдирилди. Бу ҳақда манбаларга таянган ҳолда 1TV хабар бермоқда.  

Нашрнинг таъкидлашича, қотиллик Афғонистондаги Россия элчихонаси олдида содир бўлган. Қайд этилишича, “Толибон” ҳаракати вакиллари Афғонистон ҳукумати ахборот маркази раҳбарининг ўлдирилиши учун жавобгарликни ўз зиммасига олган. 

Минапалнинг ўлдирилганини мамлакат Ички ишлар вазирлиги ҳам тасдиқлаган. Маълумотларга кўра, марҳум аввал Президент матбуот котиби лавозимида ишлаган. 

Аввалроқ, толиблар Афғонистондаги энг обрўли шахслардан бири, асли ўзбек Маршал Абдул Рашид Дўстумнинг ушбу шаҳарда жойлашган уйини ёқиб юборгани ҳақида хабар бергандик.

Эслатиб ўтамиз, толиблар вакили Забиҳулла Мужоҳид “Толибон” ҳаракати афғон амалдорларига ҳужумларни давом эттиришини маълум қилганди. 

Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, ИталияАвстралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Толибон

Баҳолаганлар

800

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг