“Толибон” аёлларнинг бегона эркакларга қарашини тақиқлади – ОАВ
Олам
−
23 Август
3422Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати аёлларга эркакларга қарашни, жамоат жойларида ва уйда баланд овозда гапиришни тақиқлади. Бу ҳақда “The Telegraph” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, янги қоидалар 114 бетдан иборат бўлиб, “Толибон”нинг олий раҳбари томонидан тасдиқланган. Унга кўра, аёллар бегона эркакларга қарамаслиги ва уларга гапиришдан тийилиши лозим. Шунингдек, улар “ўзгаларни васвасага солмаслиги ва бунга йўл қўймаслик учун” юзларини беркитиши керак. Афғон аёлларига овозлари ташқарига эшитилмаслиги учун уй ичида баланд овозда гаплашиш ҳам ман этилган.
“Халқаро ҳамжамиятнинг “Толибон” билан мулоқоти уларга аёлларни янада кўпроқ эзишга дадиллик берди. Ҳокимият тепасида турган бу радикал шахслар бизнинг мавжудлигимизни тан олишдан бош тортмоқда”, дейди Қобулдаги собиқ давлат хизматчиси Зайнаб.
Асосан аёлларнинг хулқ-атворига қаратилган янги қоидалар жамоат жойларида аёллар танасини доим тўлиқ ёпиб юришни мажбурий қилиб қўяди. Агар аёллар уйларини тарк этишлари керак бўлса, улар юзларини ва овозларини эркаклардан яшириши керак. Бундан ташқари, аёлларнинг жамоат жойларида қўшиқ айтиши ва Қуръон ўқиши тақиқланган, кийимлари тор ёки калта бўлмаслиги лозим.
Шунингдек, такси ҳайдовчиларига “ҳижобсиз ёки эркак васийси бўлмаган аёлларни” ташимаслик бўйича кўрсатма берилган. Янги қоидаларга қарши чиққан аёллар ҳибсга олинади.
Янги қонун-қоидаларда эркакларга нисбатан ҳам тақиқлар белгиланган. Хусусан, эркакларга жамоат жойларида аёлларнинг юзига қараш тақиқланади. Бундан ташқари, уларга соқолларини қисқартириш ва олиш ҳам ман этилган.
Нашрнинг ёзишича, янги қоидалар аллақачон кўплаб эркинликлардан маҳрум этилган афғон аёллари орасида қаттиқ норозилик уйғотган. “Толибон” ҳокимиятга қайтганидан бери 12 ёшдан ошган қизлар ҳам таълим олиш имкониятидан маҳрум этилган.
“Улар аслида биз учун Афғонистон деб номланган улкан қафас яратди. Олдинда нималар кутаётганидан жуда хавотирдаман. Улар ҳижобсиз аёлларни жиноий жавобгарликка тортиш билан таҳдид қилишди, аммо ҳижобнинг қайси турини мақбул деб ҳисоблашларини аниқлаштирмади. Аёлларни кўчада ҳибсга олишади ва эркак ҳамроҳлари бўлмаса, таксилардан туширишади”, дейди Зайнаб.
LiveБарчаси