“Толибон” аёллар дипломини тасдиқлашни тақиқлади

Олам

image

Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати Ташқи ишлар вазирлиги афғон аёлларининг академик ҳужжатларини тасдиқлашни рад этмоқда. Бу ҳақда “Afghanistan International” хабар берди.

Қайд этилишича, Қобулнинг бир неча аҳолиси вазирлик дарвозаси олдидаёқ уларга: “Аёллар ҳужжатларини верификация қилиш (ҳақиқийлигини тасдиқлаш) энди тақиқланган”, дея айтганини маълум қилган.

Ушбу қарор амалда кўплаб аёлларни хорижда ўқишни давом эттириш ёки ишга жойлашиш имкониятидан маҳрум қилади. Бундан ташқари, шунга ўхшаш чекловлар олий таълим тизимида ҳам жорий этилган. Раҳбарият хорижий олий ўқув юртлари ва ташкилотлари учун академик маълумотларни текширишни – ҳам аёллар, ҳам эркаклар учун тўхтатиб туриш ҳақида кўрсатма берган.

Университетларга хориждан талабаларнинг ўзлаштириши, дипломлари ва ўқиш мақомига оид сўровларга жавоб бермаслик ҳақида оғзаки топшириқ берилган. Шу тариқа, халқаро ОТМлар билан алоқа қилиш ва халқаро таълим дастурлари билан ҳамкорлик қилиш амалда блокланмоқда.

Шу билан бирга, ушбу чораларни кенг жамоатчиликка ошкор қилмаслик учун “жимгина ва махфий равишда” амалга ошириш тавсия этилган.

Мамлакат аҳолиси бу қарорни адолатсиз деб атаб, у чет элда таълим олиш ва ишлаш имкониятларини ёпиб қўйишини таъкидламоқда. Аввалроқ ҳукумат олтинчи синфдан юқори бўлган қизларнинг ўқишини тақиқлаган ва аёлларнинг меҳнат фаолиятида, жумладан, халқаро ташкилотларда иштирок этишини чеклаб қўйган эди.

Жаҳон ҳамжамиятининг босимига қарамай, чекловлар сиёсати ўзгаришсиз қолмоқда. Етакчи Ҳайбатуллоҳ Охундзоданинг кўрсатмалари ҳамда “Эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш” вазирлигининг қоидалари янги тақиқлар жорий этиш орқали афғон аёлларининг ҳаётини жиддий равишда қийинлаштирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистоннинг Қобул шаҳрида Сеяр исмли ёш йигит “Толибон” муваққат ҳукумати вакиллари томонидан калтакланиб, электр токи билан қийноққа солингач ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Толибон диплом

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг