“Толибон” АҚШга ҳеч қандай база берилмаслигини билдирди
Олам
−
20 Сентябрь 5089 2 дақиқа
Афғонистоннинг “Толибон” муваққат ҳукумати АҚШга Баграм авиабазаси устидан назоратни қайтариб бермайди. Бу ҳақда ҳаракат матбуот котиби Забиҳулло Мужоҳид “The Times ” нашрига берган интервьюсида сўз очди.
“Толибон” вакилига кўра, Қобул Вашингтон билан сиёсий ва иқтисодий алоқаларни “ўзаро ҳурмат ва умумий манфаатлар” асосида ривожлантиришга тайёр, бироқ “Афғонистон ҳеч қачон ўз ҳудудида бегоналарнинг ҳарбий мавжудлигини қабул қилмайди”.
“Биз америкаликларни исломий амирликдан ҳайдаб чиқардик ва уларнинг мамлакатимизда мавжуд бўлишига рози бўлмаймиз. Улар ўн йиллар давомида бизга ҳужум қилди, уруш олиб борди, биз эса бу ерда ҳеч қандай америкаликларнинг борлигига тоқат қилмаймиз”, деган Мужоҳид.
Шу билан бирга, Вашингтондаги Осиё бўйича эксперт Майкл Кугельман “Толибон” раҳбарияти АҚШ билан муносабатларни нормаллаштиришга интилаётгани ва бунга эришиш учун айрим ён беришларга ҳам тайёр эканини айтганди. Бироқ унинг қатъий “қизил чизиқлари” бор, улардан бири – айнан Баграм масаласи. “Толибон” доимо ва изчил тарзда ўз ҳудудида АҚШнинг ҳарбий мавжудлиги билан боғлиқ барча таклифларни рад этиб келмоқда.
Маълумот учун, 2001–2021 йилларда Баграм аэродроми АҚШ бошчилигидаги халқаро коалициянинг энг йирик базаси бўлган. 2021 йилда америкаликлар уни тарк этган, айнан ўша йилнинг ёз ойида эса база “Толибон” муваққат ҳукуматининг қўлига ўтган эди.
2021 йилнинг 14 апрелида АҚШнинг 46-президенти Жо Байден Афғонистондаги операцияни якунлашни эълон қилган эди. Бу АҚШ тарихидаги энг узоқ хориждаги ҳарбий кампания бўлиб, у 2001 йил октябрида бошланган. Кампаниянинг энг юқори чўққиси пайтида (2010–2013 йилларда) мамлакатда халқаро кучлар сони 150 мингдан ошган эди. Асосий АҚШ ва НАТО бўлинмалари 2014 йилда чиқиб кетган, сўнгги америкалик аскарлар эса 2021 йил сентябрь бошида Афғонистонни бутунлай тарк этган.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Президенти Дональд Трамп 18 сентябрь куни Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер билан Лондонда ўтказилган қўшма матбуот анжуманида ҳукумат Афғонистондаги Баграм авиабазасини қайтариб олиш устида ишлаётганини маълум қилганди. Трампнинг айтишича, Баграм дунёдаги энг йирик авиабаза ҳисобланади. Президент АҚШ базани қайтариб олишга интилаётганининг сабаби Хитой билан боғлиқ эканини таъкидлаган.
Live
Барчаси