“Толибон” Афғонистондаги яна бир йирик шаҳарни эгаллади
Олам
−
15 Август 2021
13065“Толибон” ҳаракати жангарилари Афғонистоннинг энг катта бешинчи шаҳари Жалолободни эгаллади. Бу ҳақда “Reuters” амалдорларга таяниб, хабар берди.
Маълумотга кўра, шаҳар раҳбари уни толибларга топширган. Агентликнинг Ғарб ҳавфсизлик хизматидаги манбаси Жалолобод топширилганини тасдиқлаган.Афғонистон пойтахти Қобул ҳукумат назоратида қолаётган сўнгги шаҳар бўлиб турибди.
“Жалолободда жанг йўқ, чунки ҳоким толибларларга таслим бўлди. “Толибон”га ён бериш тинч аҳоли ҳаётини сақлаб қолишнинг ягона йўли эди”, деган шаҳарда бўлиб турган афғон мансабдори.
Маҳаллий депутат Аброрулла Муроднинг “Associated Press”га маълум қилишича, оқсоқллар музокарасидан кейин “Толибон” шаҳарга киритилган. Ижтимоий тармоқларда эса толиблар губернатор идорасини эгаллагани акс этган видеолар тарқалган.
Шунингдек, "Толибон" ҳаракати Покистон билан чегарадаги Кунар вилояти маркази Асадобод шаҳрини ҳам ўз назоратига олган. Кунар қамоқхонаси ҳам толиблар қўлига ўтган.
Жалолобод – Нангархор вилоятининг маркази. Бу шаҳар Aфғонистон шарқида, Покистон билан чегарада жойлашган. Толибон 1996 йилдан 2001 йилгача Жалолобод устидан назоратни сақлаб қолган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 14 август куни Афғонистон шимолидаги бошқа бир йирик шаҳар Мозори-Шариф ҳам толиблар томонидан эгалланди. Натижада 100 га яқин афғон ҳарбийси ва қочқинлар Ўзбекистонга қочиб ўтди.
Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик
Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди.
Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия, Австралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.
LiveБарчаси