“Толибон” Афғонистонда боши берк кўчага кириб қолгани айтилди

Олам

image
0:00
0:00
download

“Толибон” ҳаракати раҳбарияти Афғонистондаги ҳозирги “боши берк кўчадан” сиёсий йўл билан чиқиш кераклигини тушунади ва муросага тайёр. Бу ҳақда кеча, 20 июль куни Россия Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов айтиб ўтди.

“Йигирма йилдан зиёд вақт мобайнида раҳбариятнинг асосий қисми, албатта, урушдан етарлича “еб-ичди” ва ҳозирги боши берк вазиятда сиёсий ечимларни излаш зарурлигини тушунади. Мен буни нафақат сўзларда, балки , шунингдек, турли хил шаклларда ифода этилган ниятларда ҳам кўрмоқдаман. Уларнинг сиёсий келишувга тайёр эканликлари аниқ. Аммо, уларнинг нуқтаи назари бўйича шу нарса маълумки, сиёсий келишув “Толибон”га муносиб равишда тақдим этилиши керак”, дейди Россия Президенти махсус вакили ҳамда Ташқи ишлар вазирлигининг иккинчи Осиё департаменти директори Замир Кабулов “Валдай” халқаро мунозара клубида бўлиб ўтган онлайн-мунозарада.

Фото:Замир Кабулов

Кабуловнинг қўшимча қилишича, бошқа томондан, бу ҳаракат бир жойда туриб қолгани йўқ ва уларда янгидан-янги авлод жангарилари етишиб чиқмоқда. 

“Янги авлоднинг катта қисми эса ҳеч қачон Ағонистонни тинч ва озод кўрмаган. Улар ўзларининг ватанларини чет эл босқинчиларидан озод қилиш ҳамда Исломнинг қадриятлари учун курашаётганига ишонади. Айрим дала қўмондонлари бошчилигидаги ҳаракатнинг бу эҳтиросли ёш қисми ҳозирча тубдан радикал кайфиятда”, дейди дипломат.

Қайд этиш керакки, Россия Президентининг махсус вакили “Толибон” ҳаракати Афғонистонни эгаллаб олиши мумкинми деган саволга қуйидагича жавоб берди:

“Агар миллий ярашув жараёнида ҳақиқий ҳаракат бўлмаса, Афғонистондаги ҳарбий-сиёсий мувозанат “Толибон” ҳаракати фойдасига қайта шаклланади. Ва толибларнинг мамлакатда ҳокимиятни зўравонлик билан қўлга киритиши жуда ҳақиқий истиқболга айланади”.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17-18 июль кунлари Қатар пойтахти Доҳада Афғонистондан борган юқори даражадаги делегация ва “Толибон” вакилларининг икки кунлик учрашуви бўлиб ўтди. Натижада, томонлар тинчлик музокараларини давом эттириш бўйича қисқа баёнот қабул қилди. Бироқ ўқ узишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилмади.

Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, ИталияАвстралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

344

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг