“Толибон” ҳокимият тепасига келгандан буён қанча тинч аҳоли ўлдирилди?

Олам

image

Афғонистонда 2021 йил август ойи ўрталаридан 2022 йил июнь ўрталари – мамлакатда “Толибон” ҳукмронлиги бошлангандан буён 700 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлди, 1500 га яқин тинч аҳоли эса яраланди. Бундай маълумотлар бугун, 20 июль куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Афғонистонга ёрдам кўрсатиш миссияси томонидан чоп этилган ҳисоботда келтирилган. 

Унда қайд этилишича, кўрсатилган 10 ой давомида, асосан, “Хуросондаги Исломий давлат” террорчилик гуруҳи жангариларининг жамоат жойлари, мактаблар ва диний марказларда этник ва диний озчиликларга қарши уюштирган ҳужумлари оқибатида 700 киши ҳалок бўлган, 1406 нафар тинч аҳоли жароҳатланган.  

“Мамлакатда ҳокимият тепасига келган радикал “Толибон” ҳаракати амалда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилаш бўйича бир қатор қадамлар қўйган бўлса-да, БМТ миссияси рухсатсиз қамоққа олиш, тинч аҳолини ушлаш, қийноқлар, ҳаддан ташқари куч ишлатиш ва суд қарорисиз қатл қилиш билан боғлиқ қатор қонунбузарликларни қайд этган”, дейилади ҳужжатда. 

Келтирилишича, ўтган вақт давомида мамлакатда аввалги ҳокимият даврида хизмат қилган собиқ давлат хизматчилари ва хавфсизлик кучлари вакиллари билан боғлиқ камида 160 та суд қарорисиз қатл этиш аниқланган. 

Ҳисоботда таъкидланишича, афғон қизлари таълим жараёнидан, аёллар эса жамоат ҳаётида иштирок этишдан четда қолиши, Афғонистонни улар мамлакат ривожига қўшиши мумкин бўлган катта ҳиссадан маҳрум қилади. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилотига кўра, мамлакатдаги беқарор вазият умумий иқтисодий ва гуманитар инқирозлар туфайли янада оғирлашмоқда.  

“Афғонистон аҳолисининг 59 фоизи ҳозирда гуманитар ёрдамга муҳтож, бу 2021 йил бошидагидан 6 миллион кишига кўп”, дейилади ҳужжатда.  

Эслатиб ўтамиз, “Толибон” Афғонистонда назорат ўрнатиш бўйича кенг кўламли операцияни АҚШ 2021 йил баҳорида ўз қуролли кучларини мамлакатдан олиб чиқиб кетиш қарорини эълон қилганидан сўнг бошлаган эди. Шу йилнинг 15 августида “Толибон” жангсиз Қобулга кириб келди.  6 сентябрь куни гуруҳ бутун Афғонистон ҳудуди устидан назорат ўрнатилганини, эртаси куни эса қонунийлиги ҳали ҳеч бир давлат томонидан тан олинмаган муваққат ҳукумат таркибини эълон қилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Толибон

Баҳолаганлар

222

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг