Толиблар мақсадлари нима эканини айтди
Олам
−
09 Июль 2021
67807“Толибон” ҳаракати бутун Афғонистон устидан ҳукмронлик ўрнатишга интилмайди, уларнинг мақсади “эркин Исломий Давлат тизими”ни яратиш. Бу ҳақда “Толибон” ҳаракати сиёсий идорасининг расмий вакили Муҳаммад Наим маълум қилган.
“Минтақалар ва вилоятларга (Афғонистонга) устунлик қилиш бизнинг мақсадимиз бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Агар бизнинг мақсадимиз баъзи соҳаларда куч ва ҳукмронлик ўрнатиш бўлганида, биз 2001 йилда бунга эришган бўлар эдик”, деган у.
Унга кўра, толиблар Исломий Давлат тизимини яратишдан қуйидаги мақсадларни кўзлаган: “мамлакат ва миллатни озод қилиш”, одамлар ҳаётини миллий қадриятлар ва манфаатлар доирасида қуриш, “халқни тинчлантириш”.
Аввалроқ, “Толибон” Марказий Осиё давлатлари чегараларини бузмасликка ваъда берганди.
Афғонистонда ҳукумат кучлари ва толиблар ўртасида мамлакатнинг муҳим ҳудудлари учун кураш кетмоқда. Афғонистондаги беқарорлик хорижий қўшинларнинг мамлакатни тарк этиши фонида кучаймоқда.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ жорий йилнинг май ойидан ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқа бошлади. Хабарларга кўра, расмий Вашингтон шу вақтга қадар 90 фоиз ҳарбий контингентини олиб чиққан. Режага кўра, Америка Афғонистонни тарк этиш жараёнини жорий йилнинг 31 августига қадар якунламоқчи. Италия ва Германия эса Афғонистонни бутунлай тарк этишга улгурган.
Қайд этиш керакки, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилишини Вашингтоннинг “миссия муваффақиятсизлигини” тан олиши, деб ҳисоблашини маълум қилган.
Маълумот ўрнида, АҚШ ва унинг бошчилигидаги ҳарбий иттифоқ — НАТО кучлари 2001 йилнинг октябрь ойида Афғонистонга қўшин киритганди. Бунга 2001 йилнинг 11 сентябрида Америкада амалга оширилган террорчилик ҳаракатлари сабаб бўлган.
LiveБарчаси