ТИВ Пхукетда ҳалокатга учраган ўзбекистонликлар бўйича маълумот берди
Жамият
−
13 Январь 7187 2 дақиқа
Аввалроқ, Таиланднинг Пхукет оролида ўзбекистонлик сайёҳлар иштирокида йирик денгиз ҳалокати юз бергани, хусусан, 11 январь куни Korawich Marine 888 тезюрар сайр катери балиқчи траулери билан тўқнашиб, жиддий шикастланган ва ағдарилиб, чўкиб кетгани ҳақида хабар берилган эди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхонов мазкур ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Унга кўра, жорий йилнинг 11 январь куни ҳалокатга учраган катерда 3 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган. Ҳодиса оқибатида уларнинг 2 нафари енгил тан жароҳати олиб, маҳаллий шифохонага ётқизилган. Жабрланган фуқаролар тўлиқ соғайган ва белгиланган тартибда шифохонадан чиқарилган.
Шунингдек, жабрланганларнинг барча тиббий ва бошқа зарур харажатлари катерга эгалик қилувчи компаниянинг суғурта маблағлари ҳисобидан тўлиқ қоплаб берилган.
Ҳодиса юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Бангкок шаҳридаги Бош консулхонаси маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда соғлиқни сақлаш муассасалари билан доимий алоқада бўлиб келган.
Эслатиб ўтамиз, ҳалокатга учраган катер бортида 33 нафар Россия фуқароси, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва бошқа бир қатор давлатлар фуқаролари бўлган. Россия Федерациясининг 23 нафар фуқароси турли даражадаги жароҳатлар билан Пхукетдаги бир нечта даволаш муассасаларига ётқизилган, у ерда уларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Шунингдек, фожиа оқибатида 18 ёшли Россия фуқароси Елизавета Старих вафот этган. Пхукет ва Краби [вилоятлари] полицияси ҳодиса юзасидан тергов олиб бормоқда.
Live
Барчаси