Ўзбекистонликлар учун Таиландга виза олиш тартиби тушунтирилди
Local
−
08 October 1639 2 minutes
Таиланд Қироллиги ҳукумати қарорига мувофиқ, жорий йил 15 сентябрдан бошлаб, Таиландга, жумладан, туристик мақсадларда ташриф буюришни режалаштираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари мамлакатга боришдан олдин Таиланд электрон визасини расмийлаштиришлари лозим. Ўзбекистоннинг Бангкок шаҳридаги Бош консулхонаси визани расмийлаштириш тартибини тушунтирди.
Қайд этилишича, Таиланд электрон визаси мамлакат ҳукуматининг расмий веб-сайти – www.thaievisa.go.th орқали онлайн тарзда ариза тўлдириш йўли билан расмийлаштирилади.
Ариза тўлдирилгандан сўнг, ариза берувчи 40 АҚШ доллари миқдоридаги визавий йиғимни нақд пул шаклида Таиланднинг Россия Федерациясидаги (Москва шаҳри) элчихонасида тўлаши лозим. Тўловни учинчи шахслар, жумладан, турагентлар орқали амалга оширишга ҳам рухсат этилади.
Шу билан бирга, визани расмийлаштириш бўйича аризани кўриб чиқиш жараёни визавий йиғим тўланганидан кейингина бошланади.
Таиланд Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, аризани кўриб чиқиш муддати 10 кундан ошмаслиги белгиланган. Бироқ амалда визани тасдиқлаш тўғрисидаги хабар тўлов амалга оширилганидан кейин ўртача 15 кун ичида электрон почта манзилига юборилмоқда.
Шунингдек, айрим ҳолатларда электрон виза расмийлаштириш веб-сайтида техник носозликлар кузатилиши мумкин. Жумладан, ариза ҳолати сайтда муваффақиятли кўриб чиқилган деб кўрсатилгани ҳолда, визани тасдиқловчи ҳужжат ариза берувчининг электрон почта манзилига келиб тушмаслиги ҳолатлари ҳам қайд этилган.
Электрон визани расмийлаштириш босқичлари:
- Шахсий аккаунт яратиш;
- Электрон анкета тўлдириш;
- Қўшимча ҳужжатларни юклаш;
- Аризани кўриб чиқишни кутиш;
- 40 АҚШ доллари миқдоридаги визавий йиғимни тўлаш;
- Виза тасдиғини ариза берувчининг электрон почта манзилига олиш.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Таиланд Молия вазирлиги мамлакатдан чиқиш учун янги солиқ жорий этиш масаласини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берилган эди. Унга кўра, дастлабки босқичда йиғим миқдори 1 минг батни (қарийб 30 доллар) ташкил этади, шу билан бирга қонуннинг чекланган юқори миқдори 5 минг бат (қарийб 150 доллар) этиб белгиланмоқда. Тўловни Таиланддан учиб кетаётган барча авиайўловчилардан (бир нечта тоифалардан ташқари) ундириш режалаштирилган.
Live
All