Тиш чўткадан тортиб “памперс”гача бор. Тошкент метросида ҳожатхона ва она-бола хонаси очилди (видео)
Жамият
−
23 Февраль 2022 12301 1 дақиқа
Бугун, 23 февраль куни Тошкент метрополитенининг Чилонзор линиясининг “Чилонзор” бекатида тажриба сифатида она-бола хонаси ва ҳожатхона йўловчилар учун фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ мухбири хабар берди.
“UNDERGROUND SERVICE” МЧЖ ходими Танзила Юсупованинг сўзларига кўра, пуллик (1 500 сўм) ҳожатхона ҳар куни соат 5:00 дан 24:00 гача ишлайди. Йўловчиларга иккита кассир хизмат кўрсатади.
У шунингдек, келгусида одамлар гавжум бўлган “Пахтакор”, “Буюк Ипак йўл” бекатларида ҳам она-бола хоналари ва ҳожатхоналар очилишини айтиб ўтди.
Қизиғи, ҳожатхонада одатий гигиеник воситалардан ташқари, тиш пастаси, тиш чўткаси ҳатто болалар тагликлари ҳам бор.
“Тагликлар ва аёлларнинг шахсий гигена воситалари ҳам бор. Бу ҳожатхонага кирган аёл кўчага югурмаслиги учун қўйилган. Шу ердан сотиб олса бўлади”, дейди Юсупова.
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, ногиронлиги мавжуд фуқаролар, Чернобил фалокати иштирокчилари, Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ва Ёшлар иттифоқи етакчилари ҳамда 7 ёшгача бўлган болалар метрополитен ҳожатхонасидан бепул фойдаланиши мумкин.




Live
Барчаси