Тинч океандаги орол давлатга Ўзбекистоннинг илк элчиси юборилди (видео)

Жамият

image

Тинч океаннинг жануби-ғарбий қисмида жойлашган Фижи Республикасидаги Ўзбекистоннинг илк элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов ушбу мамлакат Президенти Рату Найкама Тавакеколати Лалабалавуга ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.

Расмий тадбирлардан сўнг бўлиб ўтган суҳбатда Ўзбекистон ва Фижи ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, таълим ва туризм каби йўналишлардаги алоқаларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Президент Найкама Лалабалаву икки мамлакат географик жиҳатдан узоқда жойлашган бўлса-да, уларни ўзаро ҳурмат, конструктив мулоқот ва умумий қадриятларга асосланган дўстона алоқалар боғлаб туришини таъкидлади.

Фижи етакчиси, шунингдек, Ўзбекистон муҳим стратегик минтақада жойлашгани, бой табиий ресурслари ҳамда юқори салоҳиятли инсон капитали мавжудлигини эътироф этиш баробарида, сўнгги йилларда Ўзбекистон Президенти томонидан минтақада тинчлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича олиб борилаётган конструктив ва проактив ташқи сиёсатни юксак баҳолади.

Шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги дипломатик алоқалар тарихида илк маротаба Ўзбекистоннинг Фижидаги элчисининг тайинланиши Фижи томони учун ҳам муҳим тарихий воқеага айлангани қайд этилди. Шу муносабат билан Фижи билан икки ва кўп томонлама алоқаларни ривожлантиришга эътибор қаратгани учун Ўзбекистон Президентига алоҳида миннатдорлик билдирилди.

Учрашув якунида Фижи Президенти Ўзбекистон Президентига чуқур ҳурмат ва самимий саломларини йўллади ҳамда ўзбек халқига тинчлик ва фаровонлик тилади.

Муҳсинхўжа Абдураҳмонов 1974 йил Фарғона вилоятида туғилган. У АҚШнинг Чико шаҳридаги Калифорния давлат университети ҳамда Япониянинг Отару коммерция университетини битирган.

Шунингдек, Муҳсинхўжа Абдураҳмонов 2004-2008 йилларда Япониянинг Хоккайдо университетида докторлик диссертацияни ҳимоя қилган.

У 2004–2006 йилларда “Coca Cola Ichimligi O’zbekiston” компаниясида менежер лавозимида, 2008–2018 йилларда эса “MTRUSTCo. Ltd”нинг (Япония) бош директори бўлиб ишлаган. Шундан сўнг, 2018–2021 йилларда Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари – инвестиция ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият олиб борган.

У рус, тожик, инглиз, япон ва араб тилларини билади. Элчи Абдураҳмоновнинг қароргоҳи Токио шаҳрида жойлашган. Сабаби у 2021 йилда Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси этиб тайинланганди.

Маълумот учун, Ўзбекистон ва Фижи ўртасидаги дипломатик муносабатлар 2010 йил 16 июнь куни ўрнатилган. Мамлакат аҳолисининг қарийб 87 фоизи икки йирик оролда – Вити-Леву ва Вануа-Левуда яшайди. Фижи оролларининг аксарияти тахминан 150 миллион йил аввал бошланган вулқон фаоллиги натижасида шаклланган. Баъзи геотермал фаоллик бугунги кунда ҳам Вануа-Леву ва Тавеуни оролларида содир бўлмоқда. Фижи ўрмон, минерал ва балиқ ресурслари билан Тинч океанидаги энг ривожланган иқтисодларидан бирига эга. Валюта Фижи доллари бўлиб, валютанинг асосий манбалари туристик саноат, чет элда ишлайдиган фижиликларнинг пул ўтказмалари, шиша сув экспорти ва шакарқамишдир.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов Фижи Найкама Лалабалаву

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг