Тиббиёт ОТМларида айрим талабалар стипендиясига устама тўланади
Жамият
−
07 Апрель 2020
7193Тиббиёт олий таълим муассасаларида чет тилини билган талабалар стипендиясига қўшимча устама тўланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг “Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган.
Келгуси ўқув йилидан бошлаб ёш кадрларнинг хорижий адабиётлардан кенг фойдаланишини рағбатлантириш мақсадида чет тили (инглиз, немис, француз тиллари)ни билиш даражаси тўғрисидаги халқаро сертификатга эга бўлган тиббиёт олий таълим муассасалари талабалари стипендиясига (мутахассислик фанларни 3 баҳога ўзлаштирадиганлардан ташқари) Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қўшимча равишда устама тўланади.
Унга мувофиқ, халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Буюк Британия консалтинг компания – Quacquarelli Symonds, Буюк Британия нашриёти – Times Нigher Education, Цзяотун Шанхай университети – Academic Ranking of World Universities) рейтингида тиббиёт йўналишида биринчи 200 ўринни эгаллаган олий таълим муассасаларида клиник ординатура (резидентура) ва магистратура мутахассислигини тамомлаган: давлат тиббиёт муассасалари ходимлари лавозим маошига меҳнатга ҳақ тўлашни энг кам миқдорининг етти бараварига тенг миқдорда ҳар ойлик қўшимча устама; фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражасини олган мутахассисларга давлат тиббиёт муассасаларида лавозим маошига меҳнатга ҳақ тўлашни энг кам миқдорининг ўн беш бараварига тенг миқдорда ҳар ойлик қўшимча устама тўланадиган бўлди.