Термиз ҳокими ҳам ўзгарди
Жамият
−
23 Май 19376 2 дақиқа
2022 йил сентябрь ойидан бери Термиз шаҳри ҳокими сифатида ишлаб келаётган Ўктам Тўраев бошқа ишга ўтгани муносабати билан лавозимидан озод қилинди. Унинг ўрнини Сурхондарё вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси бошлиғи вазифасида фаолият юритиб келаётган Шарофиддин Лолаев эгаллади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Бугун, 23 май куни Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилган. Сессия ишида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этиб, шаҳарни ҳар томонлама ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ишлар, қўлга киритилган ютуқлар, келгусида бажарилиши лозим бўлган ишлар ҳақида сўз юритган.
Сессияда ташкилий масала кўрилган. Ўктам Исмоилович Тўраев бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан Термиз шаҳри ҳокими лавозимидан озод қилинди. Вилоят раҳбари таклиф этган номзод – Шарофиддин Усанович Лолаев депутатлар томонидан Термиз шаҳри ҳокими этиб тасдиқлади.
Маълумот учун, Шарофиддин Лолаев 1987 йилда Қумқўрғон туманида туғилган. 2015 йилда Термиз давлат университетини бакалавр, 2021 йилда магистр даражасини тамомлаган. Меҳнат фаолияти давомида Сурхондарё вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси бўлим бошлиғи, бош инспектори, биринчи ўринбосари, шунингдек, Денов тумани ва Термиз шаҳар ҳокимининг ўринбосари каби масъулиятли лавозимларда ишлаган. Тайинловга қадар Сурхондарё вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси бошлиғи вазифасида фаолият юритган.
Бошқа ишга ўтган Ўктам Тўраев эса 1979 йилнинг 25 октябрида Сурхондарё вилояти Музработ туманида туғилган. 2000 йилда Термиз давлат университети, 2002 йилда Тошкент автомобиль-йўллар институти, 2011 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган.
У Термиз шаҳри ҳокими бўлишидан олдин Музработ тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари, Бойсун тумани ҳокими, Сариосиё тумани ҳокими, Қурилиш вазирининг ўринбосари лавозимларида ишлаган. У эндиликда қайси лавозимга тайинлангани ҳозирча маълум эмас.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 23 май куни ўтган йили сентябрь ойидан бери Сурхондарё вилоятидаги Музработ туманини бошқариб келаётган Алишер Қурбонов туман ҳокими лавозимидан озод этилганди. Унинг ўрнини шу пайтгача “Сурхондарё сув таъминоти” АЖ директори сифатида ишлаб келган Абдулла Маматқулов эгаллади.
Live
Барчаси