Temu 200 млн евро жаримага тортилди
Олам
−
29 Май 2890 2 дақиқа
Еврокомиссия Хитойнинг PDD Holdings компаниясига тегишли Temu маркетплейсини сифатсиз ва хавфли маҳсулотлар сотгани учун 200 миллион евро жаримага тортди. Бу ҳақда Еврокомиссия расмий баёнот берди.
Temu’га қарши тергов 2024 йилнинг октябрь ойида бошланган, дастлабки хулосалар эса 2025 йил ёзида эълон қилинган. Текширув давомида Еврокомиссия топшириғи билан мустақил ташкилот “махфий харидор” усули орқали платформадаги маҳсулотларни синовдан ўтказган.
Оқибатда маркетплейсда хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган қувватлагичлар, шунингдек таркибида меъёрдан ортиқ зарарли кимёвий моддалар мавжуд бўлган ёки болалар ютиб юбориши мумкин бўлган майда қисмларга эга ўйинчоқлар сотилгани аниқланган.
Еврокомиссия Temu компанияси хавфларни етарли даражада баҳоламаганини ҳамда истеъмолчиларнинг хавфли маҳсулотларни харид қилишининг олдини олиш учун зарур чораларни кўрмаганини маълум қилган.
DSA талабларига кўра, компания бир ой ичида қонунбузарликларни бартараф этиш режасини Еврокомиссияга тақдим этиши керак. Ушбу режа икки ой давомида Европа Иттифоқининг Рақамли хизматлар кенгаши ва Еврокомиссия томонидан кўриб чиқилади. Шундан сўнг якуний қарор қабул қилиниб, режа ижроси учун муддатлар белгиланади.
Еврокомиссиянинг технологик суверенитет, хавфсизлик ва демократия бўйича ижрочи вице-президенти Хенна Вирккуненнинг айтишича, Temu томонидан ўтказилган хавф таҳлили етарлича аниқ ва ишончли бўлмаган ҳамда платформада сотилаётган ноқонуний ва хавфли маҳсулотлар кўламини яширган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг апрель ойида Хитойга тегишли бўлган Temu маркетплейси Ўзбекистонга тахминан 46 млрд сўм миқдорида солиқ тўламагани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси