Темирйўллардаги “стоп” белгилари бошқарилувчи светофорларга алмаштирилади
Жамият
−
16 Май 3239 2 дақиқа
Ўзбекистондаги айрим темирйўлларда юзага келаётган узун тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида темирйўл кесишмаларида “стоп” белгилари бошқарилувчи светофорларга алмаштирилиши белгиланди. Бу Президент топшириғига асосан қабул қилинган ҳукумат қарорида белгиланган.
Хабарда бугунги кунда йўллардан кесиб ўтувчи айрим темирйўлларда ҳафта ёки кун давомида вагонлар ҳаракатланмаса -да, ҳайдовчилар белги олдида тўхташга мажбур бўлаётгани ва оқибатда узун тирбандликлар юзага келаётгани айтилган. Шу муносабат билан автомобиль йўлларида ҳаракатланиш тартибини янада такомиллаштириш, ҳайдовчиларга қўшимча қулайликлар яратиш ҳамда уларни қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этишга қаратилган Ҳукумат қарорида автомобиль йўлларидан ўтган айрим темирйўл кесишмаларида “стоп” белгилари бошқарилувчи светофорларга алмаштирилиши белгиланди.
Масалан, Тошкент шаҳрининг Фарғона йўли кўчаси (кўприк олдида), Чўпонота ва Шота Руставели кўчалари кесишмаси, Кичик ҳалқа йўли (Қушбеги) сингари йирик йўлларда зарурат бўлмаса-да, ҳайдовчилар тўхташга мажбур.
Эслатиб ўтамиз, мазкур қарор билан жорий йил 1 июндан бошлаб йўл чизиқларини босиб қоидабузарлик содир этиш ҳолатларини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари орқали қайд этишга йўл қўйилмаслиги белгиланганди. Тўхташ чизиғи – “стоп-линия” (5.33 йўл белгиси) бундан мустасно.
Қарорга кўра, 1 июндан бошлаб шаҳарлар автомобиль йўлларида таъмирлаш ёки йўл чизиқларини чизиш билан боғлиқ ишларни соат 07:00 дан 21:00 га қадар амалга оширишга (дам олиш кунлари, шунингдек, кечиктириб бўлмайдиган алоҳида ҳолатлар бундан мустасно) йўл қўйилмайди.
Шунингдек, жорий йил 1 сентябрдан бошлаб ҳаракат тезлигини назорат қилишга мўлжалланган ҳар қандай турдаги стационар ва мобиль радарлар жойлашган ҳудудда ва унгача камида 250 метрдан кам ҳамда 500 метрдан кўп бўлмаган ҳудудда “Радар” йўл белгисининг ўрнатилиши мажбурий бўлади.
Бундан ташқари, автобуслар ҳаракати учун ажратилган, яъни “А” ҳарфли тасмаларда бошқа транспорт воситаларининг соат 23:00 дан 06:00 га қадар ҳаракатланиши қоидабузарлик ҳисобланмайди.
Шу билан бирга, эндиликда “Тўхташ тақиқланган” ва “Тўхтаб туриш тақиқланган” йўл белгиларининг амал қилиш вақтини кўрсатувчи қўшимча ахборот белгилари ўрнатилади.
Live
БарчасиЗеленский Германия Президенти билан учрашди
15 Декабрь