Telegram рекорд даражада кўп каналларни блоклади

Технология

image

Кеча, 13 ноябрь куни Telegram мессенжери 519 645 та канал ва гуруҳни блоклади ва бу жорий йилнинг февралидан буён энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Бу ҳақда Telegram ҳисоботида келтирилган.

Маълумотларга кўра, жорий йил ноябрь ойи бошидан бери мессенжер 2 млн 810 минг 95 та гуруҳ ва канални блоклаган. Фақат 13 ноябрнинг ўзида уларнинг сони 519 645 тага етган. Шу йилнинг 5 февралида Telegram раҳбарияти 490 433 та гуруҳ ва канални блоклаган эди.

Жорий йил бошидан буён жами 34 млн 913 минг 282 та гуруҳ ва канал блокланган, улардан 207 772 таси террорчилик фаолияти билан боғлиқ ҳамжамиятлар ҳисобланади.

Ҳисоботда қайд этилишича, 2015 йилдан бери каналлар ва гуруҳларни модерация қилиш фойдаланувчи шикоятлари ҳамда автоматик ўрганиш асосидаги текширув орқали амалга оширилади. Ўтган йил бошида бу жараёнга сунъий интеллект ёрдамидаги модерация воситалари ҳам қўшилган.

Маълумот учун, Telegram – турли форматдаги хабарлар ва медиафайлларни алмашиш имконини берадиган мессенжер. У 2013 йилда ВКонтакте ижтимоий тармоғининг асосчиси Павел Дуров томонидан яратилган. Telegram’нинг ойлик фаол фойдаланувчилари сони 1 миллиарддан ошади.

Эслатиб ўтамиз, Дуров ўтган йил август ойида Париж аэропортида ҳибсга олинган эди. Дастлаб унга мамлакат ҳудудини тарк этиш тақиқланганди, бу йил июнь ойида эса чекловлар юмшатилиб, тадбиркорга Дубайга бориш рухсат этилган. Кеча, 13 ноябрь куни эса ундан барча чекловлар олиб ташлангани маълум бўлди.

У Telegram’да контентни етарли даражада модереация қилмаслик ва Франция ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорликдан бош тортиш билан боғлиқ тергов доирасида ҳибсга олинган. Дуровга терроризм, наркотиклар, фирибгарлик ва болаларга қарши жиноятлар билан боғлиқ айбловлар қўйилиши мумкин. Дуров эса платформа фойдаланувчилари томонидан содир этилган жиноятлар учун ўзини айблашни мантиқсиз деб ҳисоблашини билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Telegram мессенжер

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг