Telegram Павел Дуровнинг ҳибсга олинишига расмий муносабат билдирди
Олам
−
26 Август
10624Платформа ёки унинг эгаси ушбу платформадаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгар эканлигини даъво қилиш бемаънилик ҳисобланади. Бу ҳақда Теlegram раҳбариятининг россиялик тадбиркор Павел Дуров ҳибсга олиниши ортидан берган расмий баёнотида келтирилган.
Машҳур дастурчи, Telegram асосчиси, Цент-Киц ва Невис, БАА ва Франция давлатлари фуқароси Павел Валериевич Дуровнинг ҳибсга олинишига Теlegram раҳбарияти расмий муносабат билдирар экан, компания Европа Иттифоқи қонунларига, жумладан, Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонунга амал қилишини таъкидлади.
"Тelegram Европа Иттифоқи қонунларига, жумладан, Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонунга амал қилади – унинг модерацияси соҳа стандартларига жавоб беради ва доимий равишда такомиллаштирилади. Компаниямиз Бош директори Павел Дуров тез-тез Европа бўйлаб саёҳат қилади ва унинг яширадиган ҳеч нарсаси йўқ. Платформадаги суиистеъмолликлар учун платформа ёки унинг эгаси жавобгар, деб даъво қилиш бемаъниликдир", дейилган компания баёнотида.
Бироқ ТАСС ахборот агентлиги берган маълумотларга кўра, Дуровнинг ҳибсга олиниши Европа Иттифоқининг Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонуни тамойилларига мос келади. Агентликнинг Брюссел юридик доираларидаги манбаларига таяниб ёзишича, ЕИнинг “Рақамли хизматлар тўғрисидаги” қонунида ижтимоий тармоқ ёки интернет-платформа оператори унда жойлаштирилган ҳар қандай контент учун жавобгар ҳисобланади.
Агентликка кўра, Париж прокуратураси Павел Дуровнинг қўлга олиниши юзасидан бугун, 26 август куни матбуот учун баёнот беришни режалаштирмоқда.
Маълумот учун, Тelegram асосчисига терроризм, гиёҳвандлик, жиноий шерикчилик, фирибгарлик, пул ювиш, солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, телеграмдаги педофилияга асосланган контент сингари бир қатор айбловлар қўйилган. Бу айбловлар билан Дуров Франсияда 20 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда амалдорларга Теlegram'даги ёзишмаларни ўчириш буюрилганди.