Telegram орқали наркотик сотган гуруҳ ушланди

3-саҳифа

image

Тошкент вилоятида Telegram орқали гиёҳвандлик воситаларининг савдоси билан шуғулланиб келган 5 фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, вилоятнинг Оҳангарон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида ижара асосида яшаб келаётган Telegram орқали гиёҳвандлик воситалари савдосини амалга оширувчи наркодўконнинг 5 нафар аъзоси қўлга олинган.

Улар 400 гр “Альфа-ПВП” синтетик наркотик моддасини 0,3 граммдан қадоқлаган ҳолда Андижон вилоятидаги мижозларга етказиш мақсадида олиб кетаётгани маълум бўлган.

Қўлга олинган шахсларнинг кўрсатмаси асосида улар томонидан Андижон вилоятидаги 53 та хуфия жойга жойлаштирилган ҳар бири 0,3 граммдан бўлган “Альфа-ПВП” синтетик гиёҳвандлик воситаси тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур наркодўкон оператори вазифасини бажарувчи ҳамда Андижон вилоятининг Избоскан туманида яшовчи шахс Янгиҳаёт тумани ҳудудида ушланиб, унга тегишли автомашинанинг юкхонаси ва салон қисмидан 986 гр “гашиш” моддаси ҳамда 7 кг “Альфа-ПВП” синтетик гиёҳвандлик воситаси олинган.

Наркогуруҳ аъзолари контрабанда йўли билан келтирилган гиёҳвандлик воситаларини Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент, Андижон, Фарғона, Наманган, Самарқанд, Бухоро вилоятларида сотиш билан шуғулланган.

Уларнинг барчасига нисбатан Жиноят ҳодексининг 25,273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида яшовчи фуқаронинг уйидан 1 миллиард 506 миллион сўмлик синтетик гиёҳвандлик воситаси топилганди.

 


Мақола муаллифи

Теглар

Telegram наркотик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг