Telegram'ни Россия назорат қилиши ҳақидаги гаплар рақобатчиларнинг ҳийласи – Дуров
Технология
−
17 Апрель
3591ВКонтакте ва Telegram асосчиси Павел Дуров “Fox News” телеканалининг собиқ бошловчиси Такер Карлсонга интервью берди. Айни пайтда россиялик тадбиркор билан суҳбатни америкалик журналистнинг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида кўриш мумкин.
Маълум қилинишича, интервью 58 дақиқадан сал кўпроқ давом этган.
"Ўша куни мен консерватизми билан танилган Такер Карлсон билан гаплашдим. Сиёсий нейтрал платформа етакчиси сифатида мен турли сиёсий қарашларни ифодаловчи журналистлар билан мулоқот қилишга мажбурман”, деб тушунтирган Дуров.
Унинг сўзларига кўра, шу тариқа у бутун аудиторияга нисбатан очиқ бўлади ва Telegram тарихини ҳаммага айтиб бера олади.
Дуровнинг айтишича, Telegram'ни яратиш ғояси Россияда пайдо бўлган.
Унинг билдиришича, унга Россия расмийлари ВК фойдаланувчиларининг шахсий маълумотларини тақдим этишдан бош тортиши фонида укаси Николай билан хавфсиз мулоқот қилиш усули керак эди.
Шунингдек, у Telegram Россия расмийлари томонидан назорат қилинаётгани ҳақидаги даъволарни рақобатчиларнинг ҳийласи деб атаган.
“Буни Telegram қаердан келгани ҳақида жуда кам маълумотга эга одамлар айтади. Уларни рақобатчиларимиз рағбатлантириши мумкин, улар буни бизни обрўсизлантиришнинг яхши усули деб билишади, чунки Telegram ёнғин каби тарқалмоқда”, дейди Дуров Карлсонга берган интервьюсида.
Интервьюдаги асосий фикрлар
Дуровга кўра, у Сан-Франсискода ўзига қилинган ҳужум туфайли АҚШда бизнес билан шуғулланмаган ва Федерал қидирув бюроси томонидан диққат билан кузатилган. Дуровнинг сўзларига кўра, АҚШ ҳукумати Telegram фойдаланувчилари устидан жосуслик қилиш воситаларини топмоқчи бўлган.
“Мен тушундимки, биз бу ерда жуда кўп эътиборни жалб қиламиз, бу бизнес қилиш учун энг яхши имкониятлар эмас", дейди Telegram асосчиси.
Бундан ташқари, у Telegram'га асосий босимлар турли мамлакатлар ҳукуматларидан эмас, Apple ва Google’дан келади.
Дуров АҚШда ишлаб чиқилган платформалар хавфсизлигига ишонмаслигини ва Telegramни сиёсий жиҳатдан нейтрал платформа деб билишини айтган.
Шу билан бирга, у Telegram реклама учун бир доллар ҳам сарфламаганини, платформанинг бутун ўсиши мутлақо табиийлигини билдирган.
Маълумот учун, Павел Дуров камдан-кам интервью беради ва видео форматини ўзи учун катта ноёб ҳодиса деб атайди. 2024 йилнинг март ойида Дуров “Financial Times” газетасига етти йил ичида биринчи йирик интервью берган.
Эслатиб ўтамиз, “Fox News” телеканалининг собиқ бошловчиси Такер Карлсон 2024 йил февраль ойида Россия Президенти Владимир Путиндан интервью олди. Икки соатлик видео 9 февралга ўтар кечаси эълон қилинган.
LiveБарчаси