Telegram’да крипто-активлар айланмаси билан шуғулланган эркак қамалди
3-саҳифа
−
21 Сентябрь
5119Тошкентда Telegram’да ноқонуний крипто-активлар айланмаси билан шуғулланган 35 ёшли эркак қамалди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжатлари билан танишди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 7 сентябрь куни ИИББ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро А.А. Telegram “Кошелёк” бўлимида телефондан фойдаланиб, ноқонуний равишда крипто-активлар айланмасини амалга оширгани аниқланган.
2024 йилнинг 20 сентябрь куни Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида 35 ёшли эркакка жазо тайинланди.
Ҳуқуқбузар суд мажлисида ўзининг юқорида кўрсатиб ўтилган ҳолатдаги ҳуқуқбузарлик ҳаракатига иқрорлигини, ҳозирда содир этган қилмишидан пушаймонлигини, бошқа бу каби ҳаракатларни содир этмаслигини, содир этган қилмишининг оқибатини тўлиқ тушуниб етганини айтди ва крипто-активлар айланмасини қонунчиликда белгиланган тартибда олди-сотди қилиш кераклигидан хабари йўқлигини инобатга олиб, суддан унга жазо тайинлашда енгиллик беришни сўради.
Суд қарори билан А.А. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 155-4-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбланиб, унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Шунингдек, ашёвий далил сифатида олинган 1 дона “Redmi 13C” русумли телефон аппарати қонунчиликда белгиланган тартибда йўқ қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоий вилоятининг Кармана туманида яшовчи 21 ёшли йигит ноқонуний ноткоин олди-сотдиси билан шуғуллангани учун 10 суткага қамалганди.