Телефонга чалғиган 7 яшар бола метро рельсига тушиб кетди (видео)

Олам

image

Чехия пойтахти Прагада 7 яшар бола телефонга қараб юраётган вақтда метро рельсига тушиб кетди. Уни поезд етиб келишидан бир неча сония олдин бошқа бир йўловчи қутқариб қолди. Бу ҳақда Чехия Республикаси полицияси хабар берди.

Қайд этилишича, ҳодиса 2 сентябрь, ўқув йилининг биринчи куни соат тахминан 18:00 да “Музеум” метро бекатида содир бўлган. Полиция маълумотига кўра, оила аъзоси ҳамроҳлигида бўлган бола телефонига қараб кетгани сабабли перрон четидан рельслар томон юрганини пайқамаган.

Оқибатда бола тўсатдан рельслар устига тушиб кетган. Шу вақтда бир нафар хорижлик йўловчи уни қутқариш учун рельсга сакраган. Бошқа йўловчилар ҳам ёрдам бериб, болани бир неча сония ичида перронга олиб чиққан.

Боланинг қутқарилишида метро перрони четида жойлашган фавқулодда тўхтатиш тугмаси босилгани ҳам муҳим аҳамият касб этган. Бу орқали яқинлашаётган поезд ҳаракатини тўхтатишга эришилган. Полиция етиб келганидан сўнг бола танасидаги енгил жароҳатлар билан тез ёрдам ходимларига топширилган ва шифохонага олиб кетилган.

Чехия полицияси ушбу воқеа ортидан болаларни метро ва темирйўл ҳудудларида телефон ёки қулоқчиндан фойдаланишда эҳтиёт бўлишга чақирди. Қисқа муддатли эътиборсизлик ҳам жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бангладешда ота ўз танаси билан рельсга тушиб кетган фарзандини ҳимоя қилиб, унинг ҳаётини сақлаб қолган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг