Теҳрондан очиқ таҳдид: Европа аралашса, жавоб қаттиқ бўлади

Олам

image

Эрон Европа давлатларини можарога аралашмасликка чақириб, ҳар қандай ҳарбий қадам “уруш ҳаракати” сифатида баҳоланишини билдирди. Бу ҳақда Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бағойи баёнот билан чиқди.

Расмий баёнотда Европа томонидан “ҳимоявий ҳаракат” деб аталадиган ташаббуслар ҳам тўғридан-тўғри тажовуз сифатида қабул қилиниши таъкидланган. Бағойига кўра, агар ЕИ амалдаги амалиётларга қўшилса, жавоб чоралари Европа ҳудудига ҳам кенгайиши мумкин. У “ҳимоявий” деган изоҳни рад этиб, бу Теҳроннинг жавоб бериш имкониятини чеклашга уриниш эканини айтган.

Огоҳлантириш Европа давлатлари минтақадаги хавфсизлик чораларини кучайтиришга киришган паллада янграган. Кеча, 2 март куни Эронда ишлаб чиқарилган ҳужумчи учувчисиз қурилмалар Кипрдаги Британия ҳарбий базасига йўналтирилган. Расмийлар бу дронлар Ливан ҳудудидан учирилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Ҳодисадан сўнг Лондон база ҳимоясини кучайтирган.

Шу билан бирга, Греция, Германия ва Франция Кипр мудофаасини қўллаб-қувватлашини маълум қилган. Айрим давлатлар ҳарбий кемалар ва қирувчи самолётларни юборган. НАТО Бош котиби Марк Рютте альянс урушда иштирок этмаётганини, бироқ зарурат туғилса ҳар бир аъзо ҳудудини ҳимоя қилишини урғулаган. У Эронни минтақавий хавф деб баҳолаган.

Франция Президенти Эммануэль Макрон эса Европа олдидаги таҳдидлар фонида ядровий салоҳиятни ошириш ташаббусини илгари сурган. Париж ўз тийиб туриш имкониятларини қитъа бўйлаб кенгайтириш режасини ҳам эълон қилган. Можаро Яқин Шарқ чегарасидан чиқиб, Европа хавфсизлик муҳитига бевосита таъсир кўрсатиш босқичига кирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Макрон мамлакатнинг ядровий жанговар каллаклари сонини оширишни буюрган эди.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Эрон уруш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг