Теҳрон Вашингтон билан ядровий келишувга эришишга тайёр – Эрон расмийси

Олам

image

Эрон АҚШ билан ядровий келишув бўйича муросага тайёр эканини билдирди. Бу ҳақда Эрон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Мажид Тахт-Раванчи бугун, 15 февраль куни BBC'га берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг айтишича, агар АҚШ Эронга қарши санкцияларни бекор қилиш масаласини муҳокама қилишга рози бўлса, Теҳрон ҳам ядровий дастурини чеклаш бўйича келишувга тайёрлигини билдирди. Бироқ Эрон ядровий масалани ракета дастури каби бошқа мавзулар билан боғлашни рад этмоқда.

Тахт-Раванчи Теҳрон ва Вашингтон ўртасидаги музокаралар шу ой бошида Уммонда қайта бошланганини ва яқин кунларда Женевада иккинчи босқич ўтказилишини тасдиқлаган. Унинг сўзларига кўра, дастлабки учрашувлар “ижобий руҳ”да ўтган, аммо якуний хулоса чиқариш учун ҳали эрта.

Эрон атом энергияси ташкилоти раҳбари эса агар барча молиявий санкциялар бекор қилинса, мамлакат юқори даражада бойитилган уранни суюлтиришга рози бўлиши мумкинлигини айтган. Шу билан бирга, Эрон уранни бойитишни тўлиқ тўхтатиш талабини қабул қилмаслигини яна бир бор таъкидлаган.

АҚШ Эронда уран бойитиш жараёнини ядровий қурол яратиш йўлидаги хавф сифатида баҳолайди. Теҳрон эса ядровий қурол яратиш нияти борлигини рад этиб келади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ ҳарбийлари Президент Дональд Трамп Эронга зарба бериш ҳақида буйруқ чиқарган тақдирда, бир неча ҳафта давом этиши мумкин бўлган кенг кўламли операцияга тайёргарлик кўраётгани маълум қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон санкция ядровий қурол

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг