ТДТУ талабалар Россияга юборилаётганини тасдиқлади
Жамият
−
12 Август 15141 3 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Тошкент давлат тиббиёт университети талабалари мажбурий равишда Россиянинг Нижний Новгород шаҳрига – ҳарбий ҳолат эълон қилинган ҳудудга ўқишга юборилаётгани хақида хабарлар тарқалганди. Тошкент давлат тиббиёт университети бу хабарлар ортидан расмий раддия эълон қилди.
Университет ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирган бўлсада, талабалар Нижний Новгородга ўқишга юборилаётганини тасдиқлаган.
Билдирилишича, мазкур ҳолатда тилга олинаётган барча талабалар ҳамкорликдаги қўшма таълим дастурига ўқишга қабул қилинган. Бу дастурга кўра, улар ўз ўқишларини хориждаги ҳамкор олий таълим муассасасида давом эттиришлари шарт ҳисобланади. Ҳар бир талаба билан шартнома тузилган бўлиб, унга мувофиқ улар тўртинчи ва бешинчи курсни Россиянинг Нижний Новгород шаҳрида жойлашган Приволжск тиббиёт тадқиқот университетида (ПИМУ) ўқиб тугатиш мажбуриятини олган.
“Ҳозирда ПИМУ Ўзбекистоннинг 5 та олий ўқув юрти билан 12 та ҳамкорликдаги дастурни амалга оширмоқда. Ушбу дастурлар доирасида бугунги кунда 400 дан ортиқ Ўзбекистон фуқароси ПИМУ базасида кундузги шаклда ўқимоқда”, дейилади хабарда.
Шунингдек, университет талабалар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида Тошкент давлат тиббиёт университети ректори Шуҳрат Боймуродов ПИМУ ректори Николай Карякин билан доимий алоқада бўлиб, қуйидагиларга келишганини маълум қилган:
- ҳамкорлик дастури бўйича ўқиётган барча ўзбекистонлик талабалар учун алоҳида ётоқхона ажратиш;
- илгари шартнома шартларини бажармаган ва ПИМУ томонидан ўқишдан четлаштирилган талабалар учун академик йилни йўқотмасдан ўқишга қайта тикланиш имкониятини яратиш;
- ПИМУ томонидан ҳамкорлик дастури талабалари учун алоҳида деканат фаолиятини юритиш. Бунда, ушбу деканат талабаларни доимий қўллаб-қувватлаб боради, яъни аэропортдан кутиб олиш, Россияда яшаш учун зарур барча ҳужжатларни расмийлаштиришда ёрдам беради.

Шунингдек, университет Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 6 июлдаги 421-сонли қарорига асосан ушбу қўшма таълим дастурларига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш имтиҳонлари енгиллаштирилган ҳолда амалга оширилгани, талабаларни ўқишини Қозоғистон Республикасидаги олий таълим муассасаларига кўчириш ҳақидаги турли маълумотлар асосга эга эмаслигини таъкидлаган.
“Нижний Новгород шаҳри ҳақида тарқатилган “ҳарбий ҳолат эълон қилинган ҳудуд” деган маълумот ҳам асоссиздир. Россия Федерациясининг мазкур ҳудудида расмий тартибда ҳарбий ҳолат эълон қилинмаган. Ушбу шаҳар университет билан илмий ва таълимий ҳамкорлик қилаётган шерик олий таълим муассасалари жойлашган ҳудуд ҳисобланади”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, кеча, 11 август куни Тошкент давлат тиббиёт университети ректори Шуҳрат Боймуродов ушбу қўшма таълим дастурида таҳсил олаётган ҳар бир талаба ва уларнинг ота-оналари билан учрашув ўтказган. Учрашув давомида талабаларни ҳамкор ПИМУда ўқишни давом эттириш учун жўнаб кетиши, у ерда яратилган шарт-шароитлар ва талабалар тураржойи билан таъминлаш бўйича батафсил маълумотлар берилган.
Университет дастур иштирокчиларининг асосий қисми ПИМУда таълимни давом эттириш истагини билдириб, улардан аксарияти жўнаб кетишга тайёр эканини айтганини, “фақат айрим талабалар шартнома шартларини бузгани ва атайлаб ёлғон маълумотларга таянган ҳолда, Тошкентда қолишга ҳаракат қилаётгани”ни даъво қилмоқда.

“Мазкур ёлғон ахборотни тарқатаётган шахслар атайлаб фактларни бузган, жамоатчиликни чалғитган ҳамда университет раҳбарияти ва жамоасини обрўсизлантиришга уринган. Бундай ҳаракатлар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.
ОАВ ва жамоатчиликдан турли манбалар орқали текширилмаган, асоссиз маълумотларга ишонмаслик ва расмий ахборотларга таяниш сўралади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 11 август куни Россия ғарбидаги айнан Нижний Новгород вилоятида жойлашган саноат зонасини нишонга олган Украина ҳужуми оқибатида бир киши ҳалок бўлгани, яна икки киши шифоҳонага ётқизилгани хабар қилинганди.
Live
Барчаси